Покистонда портлаш: қурбонлар бор
Покистон шимоли-ғарбидаги Банну ҳудудида полиция идораси яқинида содир этилган автомобиль портлаши ва ундан кейин бошланган жангарилар билан отишма натижасида 12 нафар полиция ходими ҳалок бўлди, деб хабар бермоқда “Синьхуа” ахборот агентлиги.

Ҳужум портловчи моддалар ортилган автомашина ёрдамида амалга оширилди, шундан сўнг дронлари иштирокидаги ҳаракатлар ва қуролли жангариларнинг ҳужуми кузатилди, дейилади мақолада.
Расмийларнинг айтишича, айни пайт қутқарув гуруҳлари оғир техника ёрдамида вайроналарни тозалаш ишларини давом эттирмоқда. Маҳаллий ҳокимият вакиллари тупроқ остида яна бошқа қурбонлар қолган бўлиши мумкинлигини истисно этмаяпти.

Мамлакат Бомба зарарсизлантириш хизмати маълумотига кўра, ҳужумда тахминан 1,5 килограмм портловчи модда ишлатилган.
Таъкидланишича, “Иттиҳад-ул-мужаҳиден Покистон” (IMP) номли жангарилар гуруҳи ижтимоий тармоқлар орқали ушбу портлаш учун жавобгарликни ўз зиммасига олган.
Сўнгги ойларда Покистоннинг Афғонистон билан чегарадош шимоли-ғарбий ҳудудларида қуролли ҳужумлар сони кескин ошди. Айниқса, хавфсизлик кучлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тез-тез нишонга олинмоқда.
Ў.Алимов, ЎзА