Покистон ташқи ишлар вазири билан учрашув
Исломободга амалий ташриф билан борган Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Покистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший билан учрашди.
Музокара чоғида кўп қиррали Ўзбекистон - Покистон муносабатининг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболи муҳокама қилинди.
Ўзаро савдо ҳажмини янада ошириш, экспорт-импорт маҳсулотлари турини кўпайтириш, қўшма инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини фаол амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди. Айни мақсадга эришиш йўлида икки мамлакат ҳукуматлари имтиёзли савдо, банк ва божхона ҳамкорлигини йўлга қўйиш, шунингдек, мунтазам парвозларни тиклаш бўйича фаол иш олиб бормоқда.
Ташқи ишлар вазирлари афғонлараро музокарани йўлга қўйиш, Афғонистонда барқарор тинчлик ўрнатишга кўмаклашиш учун халқаро ҳамжамият саъй-ҳаракатини бирлаштириш муҳимлигини қайд этдилар.
Маданий-гуманитар муносабатлар, шунингдек, туризм соҳасидаги ўзаро алоқаларга алоҳида эътибор қаратилди. Тарихий, маданий ва маънавий жиҳатдан минтақаларимиз ва мамлакатларимиз цивилизацияси ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ишончли асоси бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Вазирлар БМТ, ИҲТ, ШҲТ, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро ҳамда минтақавий тузилмалар доирасидаги кўп томонлама ҳамкорлик масалаларини ҳам муҳокама қилдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболига эътибор қаратилди.
Покистон ташқи ишлар вазири жорий йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилинди.
Турли даражадаги тадбирлар жадвали ва ташкилий жиҳати кўриб чиқилди.
Учрашувда томонлар ўзларини қизиқтирган минтақавий ва глобал кун тартибининг бошқа масалалари бўйича ҳам фикр алмашди.
ЎзА