Покистон бир миллион афғонни чиқариб юборади
Покистон ҳукумати республикада ноқонуний яшаётган 1,1 миллионга яқин Афғонистон фуқароларини депорт қилиш тўғрисида қарор чиқарди. Бу ҳақда “Geo TV” телеканали хабар берди.
Маълумотга кўра, депорт тартиби визаси бўлмаган, жумладан тегишли ҳужжатни чўзишга рухсат ололмаган афғонларга нисбатан қўлланади.
Таъкидланишича, айни жараён бўйича “барча манфатдор томонлар ва Афғонистон ҳукумати” билан тегишли келишувга эришиш ҳаракати бошланган.
Ўтган ҳафта ҳукумат Покистонда рухсатсиз яшаётган афғонларга мамлакатдан чиқиб кетиш учун бир ой вақт берилганини маълум қилган. Муддат келгач, мамлакат бўйлаб оммавий равишда ноқонуний мигрантларни қидириб топиш ва депортация қилиш бошланади, дея тахмин қилинмоқда.