Подстанциялар ва электр узатиш объектлари комплекс ўрганилди
“Ўзбекгидроэнерго” АЖ бошқаруви раиси Ислом Абдураҳмонов бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан “Чирчиқ ГЭСлар каскади” филиали таркибидаги подстанциялар, очиқ тақсимлаш қурилмалари ҳамда электр узатиш инфратузилмасида комплекс техник ўрганишлар амалга оширилди.
Ўрганишлар давомида подстанциялар ва электр узатиш тармоқларининг техник ҳолати, эксплуатацион ишончлилиги, юкланиш даражаси, таъмирлаш ишлари сифати ҳамда юқори кучланишли ускуналарнинг ишлаш самарадорлиги баҳоланди. Шунингдек, реле ҳимояси ва автоматика тизимлари, диспетчерлик бошқаруви, телемеханика воситалари ҳамда аварияларнинг олдини олишга қаратилган механизмлар таҳлил қилинди.

Бундан ташқари, электр ва саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши, ускуналарнинг техник ҳолати, авария захиралари, эҳтиёт қисмлар билан таъминланганлик ва доимий мониторинг ишлари кўриб чиқилди. Шу билан бирга, электр энергиясини узатишдаги технологик йўқотишларни камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш, рақамли мониторинг ва сунъий интеллект ечимларини жорий этиш масалалари бўйича фикр алмашилди.
Жамият ахборот хизматига кўра, ўрганишлар якунида электр таъминотининг узлуксизлигини таъминлаш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА