Пиротехника воситалари аҳоли хавфсизлигини ҳам хатарга қўяди
Сирдарё вилоятида божхона ва ички ишлар органлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида ноқонуний тарзда ташилаётган 65 минг 880 дона пиротехника воситалари аниқланди.
Божхона бошқармаси Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотларга асосан, Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари билан ҳамкорликда Сайхунобод тумани ҳудудида “Hyundai Porter” русумли автомашина тўхтатилиб текширилди.

Текширув жараёнида автомашина юкхонасидаги товарлар орасида 3 та полиэтилен қопқа жойлаштирилган, умумий ҳисобда “Трения” номли 65 880 дона пиротехника буюмлари борлиги маълум бўлди.
Божхона бошқармаси маълумотига кўра, аниқланган воситалар ҳуқуқбузарлик далили сифатида вақтинча сақловга олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мутасаддилар таъкидлашича, пиротехника воситаларининг ноқонуний айланмаси нафақат қонунбузарлик, балки аҳоли хавфсизлигига ҳам жиддий таҳдид солади. Шу боис вилоятда божхона ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича назорат ва профилактика тадбирлари кучайтирилган.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири