Пфизер раҳбари “Яҳудий Нобели” мукофотига сазовор бўлди
Пфизер Бош ижрочи директори Альберт Бурла раҳбарлигида қисқа вақтда коронавирусга қарши самарали вакцина яратилди. Шу сабабли, Бурлага 2022 йилги “Genesis” (Ибтидо) соврини топшириладиган бўлди. Бу ҳақда бугун расман эълон қилинди.
“Яҳудий Нобели” деб ҳам аталадиган мукофот ҳар йили таниқли яҳудийларга касбий ютуғи, инсоният цивилизацияси ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун берилади.
Бу йил ғолиблик учун актёр Саша Барон Коэн, дизайнер ва филантроп Диана фон Фюрстенберг, ёзувчи Юваль Ной Харари, актриса Скарлетт Йоханссон ҳам кураш олиб борганини қўшимча қилиш мумкин.
Дунёнинг 71 давлатидан 200 мингдан ортиқ яҳудий фаоли иштирок этган овоз бериш натижасига кўра, Альберт Бурланинг номзоди энг кўп маъқулланган. Тақдирлаш маросими Исроилда ўтказилиши режалаштирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Исроил дунёда биринчилардан бўлиб Пфизер вакцинасини олган давлат ҳисобланади.
Альберт Бурла 1962 йили Грециянинг Салоники шаҳрида яҳудий оилада туғилган. Ветеринария фанлари ва репродуктив биотехнология бўйича докторлик даражасига эга. Доктор Бурла 25 йилдан ошибдики, Пфизер компаниясида ишлайди. Ҳозир у рафиқаси ва икки фарзанди билан Нью-Йоркда яшайди.
Эътиборли жиҳати, одатга кўра “Genesis” совринига қўшиб бериладиган 1 миллион доллар мукофот пули хайрия ишларига сарфланади.