Пентагон журналистлар учун эшикларни ёпди
АҚШ Мудофаа вазирлиги журналистларни Пентагон матбуот офисига киритишни тақиқлади. Идора бу қарорни бинодаги айрим хоналар махфий маълумотлар билан ишлаш учун мўлжалланган махсус ҳудуд мақомига ўтказилгани билан изоҳламоқда.
Пентагон вакили Хосе Валдеснинг маълум қилишича, матбуот хизмати жойлашган ҳудуддан энди ҳарбий раҳбарият нутқларини тайёрловчи мутахассислар ҳам фойдаланмоқда. Улар махфий ҳужжатлар билан ишлагани учун бино қатъий хавфсизлик талаблари асосида қайта ташкил этилган.
Бу қарор Пентагон ва йирик оммавий ахборот воситалари ўртасида бир неча ойдан бери давом этаётган тортишувнинг навбатдаги босқичи бўлди. Ўтган йилдан бошлаб журналистлар учун кириш қоидалари босқичма-босқич қатъийлаштирилди.
Аввалроқ The New York Times, CNN, ABC News, CBS News, NBC News ва Associated Press каби нашрлар журналистлар фаолиятини чекловчи янги талабларга рози бўлмагани учун Пентагондаги доимий аккредитацияларидан воз кечган эди.
Кейинчалик мухбирлар бинода фақат расмий ҳамроҳ кузатувида ҳаракатланиши мумкинлиги ҳақидаги тартиб жорий этилди. Бу қарор судларда ҳам баҳс-мунозараларга сабаб бўлди. Айрим чекловлар ноқонуний деб топилган бўлса-да, баҳслар ҳануз давом этмоқда.
Расмий Вашингтон бу чораларни хавфсизлик нуқтаи назаридан зарур деб ҳисобламоқда. Матбуот эркинлиги ҳимоячилари эса мазкур қарорлар дунёдаги энг қудратли ҳарбий идоралардан бири фаолияти устидан мустақил назоратни чеклашини таъкидламоқда.
Мусулмон Зиё, ЎзА