Пенсия ва нафақалар қандай ҳолларда текширилмайди?
Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси ахборот хизмати ушбу савол юзасидан қуйидаги маълумотларни тақдим қилди.
Қайд этилишича, давлат пенсиялари, ижтимоий нафақалар, компенсация ҳамда бошқа тўловларнинг тўғри тайинланиши ва тўланишини назорат қилиш Молия вазирлигининг давлат молиявий назорат департаменти зиммасига юклатилган бўлиб, пенсия ва нафақаларни тўғри тайинланиши ва тўланиши юзасидан доимий равишда ўрганиш ва текшириш ишлари олиб борилади. Камерал назорат текширишлари натижасида аниқланган ортиқча тўловларнинг ундирилиши мониторинг қилинади.
Ортиқча тўловларнинг аксарияти фуқаронинг айби бўлмаган ҳолдаги техник хато ёки архив ҳужжатларини тўлиқ сақланмаганлиги натижасида юзага келади.
Пенсия ишларининг асосий қисми бир неча йил аввал тайинланганлиги сабабли пенсионерлардан йирик (пенсия миқдорининг бир неча баробари) миқдорда ортиқча тўловлар ундириш талаб этиб келинган. Бу эса кекса ёшдаги фуқароларнинг ҳақли эътирозларига ҳамда уларнинг иқтисодий ҳолатига сезиларли даражада таъсир кўрсатаётган эди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, текширилган пенсия ишларидан аниқланган ортиқча тўловларнинг аксарият қисми 2020 йил 1 январь ҳолатига (қарийб 90 фоиз) бир неча йил илгари (2017 йилгача) тайинланганлиги сабабли пенсионерлардан йирик миқдорда ортиқча тўловлар ундиришни тақозо этиб, кекса ёшдаги фуқароларнинг кўплаб ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 февралдаги ”2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармонида 2021 йил 1 июндан бошлаб пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр — 2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасида мавжуд ёзувлар асосида тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмаслиги, уч йил ва ундан аввал тайинланган, қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ҳамда улар бўйича аниқланган ортиқча тўлов ундирилишининг бекор қилиниши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг 2017 йил 29 ноябрдаги қарорига асосан ортиқча тўланган пенсия миқдорини ундириш ҳақидаги талабларга Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 150-моддасида белгиланган умумий уч йиллик даъво муддати қўлланилиши белгиланган.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА