Пекин форумида Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ҳимояси бўйича тажрибаси тақдим этилди
Пекин шаҳрида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал бошқарув – 2026 форуми (2026 Форум on Global Human Rights Governance) бўлиб ўтди.
Тадбир “Ҳамжиҳатликдаги тараққиёт, умумий инсон ҳуқуқлари: Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларация қабул қилинганининг 40 йиллиги ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал бошқарувнинг янги истиқболи” мавзусига бағишланди.
Форумда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг ўринбосари Дилноза Муродова иштирок этди.
Форум инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро тизимини ривожлантиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш учун энг йирик халқаро майдонлардан бирига айланди. Унинг ишида дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатидан давлат органлари, илмий-эксперт ҳамжамияти ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар вакиллари, шунингдек, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар вакиллари – жами 400 дан зиёд иштирокчи қатнашди.
Д.Муродова ялпи мажлисда сўзга чиқиб, Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларация қабул қилинганидан қирқ йил ўтиб, давлатлар ва халқларнинг ушбу ҳуқуқни амалга ошириш учун зарур бўлган имкониятлардан тенг фойдаланишини таъминлаш халқаро ҳамжамиятнинг асосий вазифасига айланиб бораётганини қайд этди.
Ўзбекистонда ижтимоий давлат тамойилларига асосланган ислоҳотларга, инсон капиталини ривожлантиришга, таълим олиш имкониятларини кенгайтиришга ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.
Қайд этилганидек, “Ўзбекистон - 2030” стратегиясига мувофиқ, мамлакатда инсонга, таълим ва билимга сармоя киритиш барқарор ривожланиш ҳамда фуқаролар ҳаёти сифатини оширишнинг энг муҳим шарти сифатида қаралмоқда.
Миллий марказ вакили Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат тамойилларини амалга ошириш, инсон капиталини ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги таълимни илгари суриш ва барқарор ривожланиш учун имкониятларни мустаҳкамлаш борасидаги тажрибасини тақдим этди.

БМТ Ривожланиш ҳуқуқи тўғрисидаги декларацияси қабул қилинганининг 40 йиллигига бағишланган ушбу форумда асосий эътибор рақамли трансформация, иқлим ўзгариши ва глобал ижтимоий-иқтисодий муаммолар шароитида ривожланиш ҳуқуқини таъминлашга доир замонавий ёндашувларни ишлаб чиқишга қаратилди.
Форум ўз ишини бешта мавзули шуъбаларда давом эттирди. Бунда глобал бошқарув ва инсон ҳуқуқлари, сунъий интеллект даврида ривожланиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш, модернизация ва инсоннинг ҳар томонлама камол топиши ҳамда халқаро инсон ҳуқуқлари кун тартибидаги бошқа долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Тадбир якунида замонавий технологиялар, иқлим ва ижтимоий-иқтисодий соҳалар билан боғлиқ турли таҳдидлар шароитида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарурлигига яна бир бор эътибор қаратилди.
Иштирокчилар ривожланиш ҳуқуқини илгари суриш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги глобал бошқарув тизимини такомиллаштириш муҳимлигини тасдиқлади.
Н.Абдураимова, ЎзА