«Бир нуроний — ўн ёшга масъул» танлови ғолиблари аниқланди
Фарғона давлат университетида «Бир нуроний — ўн ёшга масъул» кўрик-танловининг республика босқичи якунланди.
Танлов Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш «Нуроний» жамғармаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда ҳудудий босқичларда ғолиб бўлган нуронийлар иштирок этди.
Кўрик-танлов нуронийларнинг ҳаётий тажрибаси, билими ва маънавий салоҳиятидан ёшлар тарбиясида самарали фойдаланиш ҳамда авлодлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилган. Иштирокчилар ўз чиқишларида ёшлар билан ишлаш тажрибаси, бу борада амалга оширган ишлари ва эришган натижалари ҳақида сўзлаб берди.
Танлов якунига кўра, фарғоналик Мунисхон Ҳасанбоева биринчи ўринни эгаллади. Самарқанд вилоятидан Норбобо Шокиров ва Хоразм вилоятидан Шарофат Худойберганова иккинчи ўринни қўлга киритди. Учинчи ўрин Наманган вилоятидан Абдуқаҳҳор Раҳимов ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидан Гулаш Заримовага насиб этди.
Тақдирлаш маросимида танловнинг бошқа иштирокчиларига ҳам турли номинациялар бўйича фахрий ёрлиқ ва ташаккурномалар топширилди. Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Шерзод Полвонов вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров номидан меҳмонлар ва иштирокчиларга миннатдорлик билдирди.
[gallery-32638]
Маросимда «Нуроний» жамғармаси Фарғона вилояти бўлимининг ёшлар тарбияси ва уларни қўллаб-қувватлаш борасидаги фаолияти ҳам эътироф этилди. Бўлим раиси Зокиржон Раҳмоновга «BYD Chazor» русумли хизмат автомобили тантанали равишда топширилди.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА