Пекин, Дубай ва Риёд тажрибаси Тошкентда: халқаро ҳамкорлик доирасида янги лойиҳалар
Тошкент шаҳар ҳокимлигида пойтахт ҳокими Шавкат Умурзоқов ҳамда АҚШнинг McKinsey & Company халқаро консалтинг компанияси глобал бошқарувчи ҳамкори Боб Стернфелс бошчилигидаги делегация ўртасида расмий учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар давомида томонлар “Тошкент-2030” ривожланиш дастури бўйича ягона ёндашувни шакллантириш, шаҳар бошқаруви тизимини такомиллаштириш ва стратегик ташаббусларни амалга ошириш самарадорлигини ошириш масалаларини муҳокама қилди. Бунда стратегик қарорларни аниқ лойиҳаларга қандай татбиқ этиш ва уларнинг натижаларини баҳолашга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув иштирокчилари Пекин, Ар-Риёд, Дубай ва Москва каби йирик мегаполисларнинг ривожланиш тажрибасини ҳам кўриб чиқиб, ушбу амалиётдаги қайси бошқарув ёндашувларини Тошкентда қўллаш мумкинлигини муҳокама қилди.
Тадбирда қайд этилганидек, режадаги ҳамкорлик доирасида шаҳар хизматлари ходимларини ўқитиш жараёнига McKinsey & Company мутахассисларини жалб этиш кўзда тутилмоқда.
McKinsey & Company — стратегик ва бошқарув консалтинги соҳасидаги халқаро компания бўлиб, 1926 йилда АҚШда ташкил этилган. Компания давлат тузилмалари, халқаро корпорациялар ва молия институтларига узоқ муддатли стратегияларни ишлаб чиқиш, бошқарувни такомиллаштириш, рақамли трансформация, сунъий интеллектни жорий этиш, операцион самарадорликни ошириш ва кадрларни ривожлантириш масалаларида маслаҳат бериб келади.

Учрашув якунида томонлар кадрларни, жумладан, бошқарув кадрларини ўқитиш, тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини ишлаб чиқишга келишиб олди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА