Педагоглар – жамият ривожида масъулдирлар
Фарғона вилоятида профессионал таълим соҳасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, ёшларга замонавий ва меҳнат бозорида талаб юқори касбларни ўргатишда ўзига хос мактаб яратиш устида тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Вилоятдаги 33 та касб-ҳунар мактаби, 22 та коллеж, 22 та техникумларда 2 минг 225 нафар педагоглар фаолият олиб бораётган бўлса, уларнинг 1 минг 437 нафарини аёл ўқитувчилар ташкил этади. Вилоят касбий таълимни ривожлантириш ва мувофиқлаштириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Тўйчибой Бойматов Ўқитувчилар ва мураббийлар куни арафасида профессионал таълим муассасаларига ташриф буюриб, тизимда меҳнат қилаётган ходимларни байрам билан табриклади.

Соҳада ўрнак кўрсатаётган педагоглар ва таълим усталарини тақдирлаб, уларнинг масъулиятли ва шарафли ишларида омадлар тилади. Фарғона педагогика коллежи ўқитувчиси Дилоромхон Қодирова 15 йилдан буён шу соҳада меҳнат қилиб келмоқда. Тажрибали ва моҳир педагог таълим жараёнига илғор педагогик технологияларни жорий этиш, ёшларга касб-ҳунар ўргатиш, мамлакатимиз енгил саноати учун малакали кадрлар тайёрлаш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ҳамда маънавий дунёқарашини юксалтириш борасида ибрат бўлмоқда. Маҳаллада ва коллежда ўтказилаётган тадбирларда мамлакатимизда мустақиллик йилларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни, эришилаётган ютуқларни оммага тарғиб қилишда ўзига хос мактаб яратган мураббий бир неча маротаба республика ва халқаро илмий-амалий конференцияларда иштирок этиб, илмий мақолаларга муаллифлик қилган.

– Юртимизда профессионал таълим муассасаларига, ёшларнинг касб-ҳунар эгаллашларига катта эътибор берилаётгани биз – педагоглар зиммасига улкан масъулият ҳам юклайди. Коллеж ёки техникумни битириб, иш жойига борган битирувчиларимиз барчанинг ишончини оқлай олиши зарур, – дейди Д.Қодирова. – Бу борада коллежимизда ўзига хос тажриба мактаби яратилган, яъни таълимдан кейин ҳам битирувчиларимиз билан доимий алоқада бўлиб турамиз. Мактабгача ва бошланғич таълим учун малакали мутахассислар тайёрлашга ўз ҳиссамни қўшаётганимдан мамнунман.
Бошқарма бошлиғининг байрам олдидан мазкур коллежга кириб келгани бутун жамоани хурсанд қилди. Самимий суҳбат давомида педагоглар олдида турган долзарб вазифалар, янги лойиҳалар муҳокама марказида бўлди.
М.Сулаймонов, ЎзА