Педагоглар фин тизимида тайёрланади
Янги ўқув йилидан Самарқандда яна бир олий таълим муассасаси – Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон – Финландия педагогика институти фаолият бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 30 июндаги қарори асосида ташкил этилган янги педагогика институтида бешта факультет – педагогика, мактабгача таълим, санъатшунослик, хорижий тиллар ва гуманитар фанлар ҳамда аниқ-табиий фанлар ва жисмоний маданият факультетлари фаолият бошлади. Институтда 14 йўналиш бўйича мутахассислар тайёрланиши белгиланган.

– Таълим тизимини ислоҳ қилиш, илғор халқаро тажрибаларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди институт директори вазифасини бажарувчи Акрам Бегматов. – Финляндиялик мутахассисларнинг таълим-тарбия соҳасидаги тажрибаси дунё миқёсида алоҳида ўрин тутади. Шу асосда мамлакатимиз таълим тизимига малакали кадрлар тайёрлаш режалаштирилган. Бунинг учун ҳамкорлик меморандуми имзоланган. Финляндиянинг энг илғор олий таълим муассасалари малакали мутахассислари институтимизга жалб қилинади. Улар ўқув машғулотлари олиб боради. Келгусида институтимизнинг мактабгача таълим муассасаси ва умумтаълим мактаби ташкил қилиниб, тизимнинг тегишли ташкилотлари билан ҳамкорликда талабаларимизга малакали мутахассислар кўмагида амалий тажриба орттириш имкониятлари яратилади. Бир сўз билан айтганда, институтимизда таълим тизими учун энг муносиб кадрлар тайёрланади.

Самарқанд давлат университетининг Ўзбекистон – Финляндия педагогика институтига 2160 нафар талаба ўқишга қабул қилинди. Уларнинг 1300 нафари кундузги, 375 нафари кечки, 800 нафари сиртқи таълим шаклида ҳамда 135 нафари магистратурада таҳсил олади. Таълим ўзбек, рус ва тожик тилларида олиб борилади. Уларга 150 нафар ўз соҳасининг етук профессор-ўқитувчилари дарс беради.

Ғ. ҲАСАНОВ,
А.ИСРОИЛОВ (сурат), ЎзА