«Пахтакор» учун муҳим учрашув
Бугун, 11 август куни Тошкентда «Пахтакор» жамоаси Элит ОЧЛ мусобақасининг умумий босқичи йўлланмаси учун муҳим ўтиш учрашувида Иорданиянинг «Ал Ҳуссайн» клубини қабул қилади.
Мазкур баҳс ҳар икки жамоа учун ҳам қитъанинг энг нуфузли клублар мусобақаси асосий босқичига чиқиш йўлида ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Сабаби, ғолиб жамоа мусобақанинг финал босқичида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади.
Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, «Пахтакор» ва «Ал Ҳуссайн» расмий учрашувларда илк бор ўзаро майдонга тушади. Учрашув соат 20:00 да «Пахтакор» стадионида бошланади. Баҳсни пойтахтимизнинг бош жамоаси тўлиқ сариқ рангли либосда ўтказади. Дарвозабон эса яшил рангли либосда майдонга тушади.
Дарвоқе, Тошкент клуби шу кунга қадар Иорданиянинг фақат «Ал Виҳдат» жамоасига қарши баҳслашган. Ушбу ўйин 2002 йилда бўлиб ўтган. Ўзаро учрашувларнинг Тошкентдагисида «Пахтакор» 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, Аммандаги жавоб ўйинида 1:3 ҳисобида мағлуб бўлган.
Орадан 24 йил ўтиб, «шерлар» яна Иордания клуби билан куч синашади. «Ал Ҳуссайн» сўнгги уч мавсумда Иордания чемпионатида тенгсиз эканини намоён этиб, кетма-кет уч бор мамлакат чемпиони бўлган.
Маълумот учун, Элит Осиё чемпионлар лигасининг финал босқичига қуръа ташлаш маросими 18 август куни Малайзиянинг Куала-Лумпур шаҳрида ўтказилади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА