«Пахтакор-79» фожиасига 47 йил тўлди
1979 йил 11 август санаси ўзбек футболи тарихида ҳеч қачон унутилмайдиган оғриқли кун сифатида муҳрланиб қолган.
Бундан 47 йил аввал шу куни ўзбек футболининг ифтихори бўлган «Пахтакор» жамоаси аъзоларининг ҳаёти фожиали авиаҳалокат туфайли узилди.
1979 йил 11 август. Тошкент вақти билан соат 13:35:38. Тошкент–Гурьев–Донецк–Минск йўналишида парвоз қилаётган ТУ-134 русумли самолёт Челябинск–Кишинёв рейсини амалга ошираётган яна бир ТУ-134 самолёти билан ҳавода тўқнашди.
Фожиа ердан 8400 метр баландликда содир бўлди. Икки самолётнинг тўқнашуви оқибатида 178 нафар инсон ҳалок бўлди. Улар орасида ўша даврда ўзбек футболининг фахри саналган «Пахтакор» жамоасининг 17 нафар аъзоси ҳам бор эди.
Ҳалокат ҳақида биринчи бўлиб ҳавода бўлган АН-2 самолёти экипажи хабар берган. Экипаж аъзолари Куриловка ҳудудида самолёт парчалари қулаётганини маълум қилган.
Ўша пайтда «Пахтакор» мамлакат футболининг энг кучли жамоаларидан бири эди. Жамоа мавсумни юқори савияда ўтказиб, турнир жадвалида муносиб ўрин учун курашаётганди. Мутахассислар эса Тошкент клубининг яқин йилларда Европа кубокларида иштирок этиши мумкинлигини тахмин қилаётган эди.
Бироқ 11 август куни барчаси бир лаҳзада ўзгарди.
Тўқнашувда ҳалок бўлган «Пахтакор» аъзолари:
Идгай Тазетдинов — мураббий
Владимир Чумаков — мураббий
Мансур Толибжонов — шифокор
Михаил Ан — маъмур
Владимир Фёдоров — ярим ҳимоячи
Олим Аширов — ҳужумчи
Равиль Агишев — ҳимоячи
Константин Баканов — ярим ҳимоячи
Юрий Загуменних — ҳимоячи
Александр Корчёнов — ярим ҳимоячи
Николай Куликов — ҳимоячи
Владимир Макаров — ярим ҳимоячи
Сергей Покатилов — дарвозабон
Виктор Чуркин — ҳужумчи
Сирожиддин Бозоров — ҳужумчи
Шуҳрат Эшбўтаев — ҳужумчи
Владимир Собиров — ҳужумчи.
«Пахтакор-79» фожиаси орадан 47 йил ўтган бўлса-да, ўзбек футбол мухлислари хотирасидан ўчгани йўқ. Самода ҳаётдан кўз юмган 17 нафар футболчи ва жамоа аъзолари номи ўзбек спорти тарихида абадий қолган.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА