«Пахтакор» Суперлига пешқадамига айланди
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 23-туридан ўрин олган Тошкент дербиси «Пахтакор» клуби учун муваффақиятли якунланди. Натижада эса жамоа жадвалда етакчига айланди.
Куни кеча футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 23-туридан ўрин олган «Қўқон-1912» — «Машъал», «Пахтакор» — «Бунёдкор», «Бухоро» — «Андижон» ҳамда «Насаф» — «Динамо» жамоалари ўртасидаги тўқнашувлар кутилмаган натижаларга бой ўтди.
Жумладан, мазкур учрашувлар орасида марказий ўйин дея эътироф этилган «Пахтакор» ва «Бунёдкор» баҳси 3:1 ҳисобида якунланди.
«Пахтакор» стадионида ўтган баҳснинг биринчи бўлимида мезбонлар 42-дақиқада Заиднинг голи эвазига ҳисобни очди. Иккинчи бўлимда «Бунёдкор» жамоаси аъзоси Сардор Абдунабиев 62-дақиқада ҳисобни тенглаштирган бўлса, 73-дақиқада Достон Ҳамдамовнинг чиройли зарбаси «Пахтакор»ни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди. Учрашувнинг асосий вақтига қўшиб берилган 2-дақиқада эса Стефан Чинеду якуний нуқтани қўйиб, мезбонларнинг 3:1 ҳисобидаги ғалабасини мустаҳкамлади.
Шу тариқа, «Пахтакор» Тошкент дербисида ғалаба қозониб, очколари сонини 52 тага етказди. Натижада худди шунча очко тўплаган «Нефтчи» клубини ўзаро учрашувлардаги устунлик эвазига ортда қолдириб, турнир жадвалида пешқадамга айланди.

«Бухоро» ва «Андижон» жамоалари ўртасидаги баҳс ҳам мухлисларга ҳаяжонли лаҳзаларни тақдим этди. «Бухоро ФА» стадионида ўтган учрашувда мезбонлар камбэк қайд этиб, иродали ғалабага эришди.
Учрашувнинг 10-дақиқасида Мартин Боакье, 73-дақиқасида эса Бекзод Сулаймонов томонидан киритилган голлар эвазига «Андижон» 2:0 ҳисобида олдинга чиқиб олди. Бироқ, баҳснинг сўнгги қисмида вазият ўзгарди. 80-дақиқада Ника Качарава ҳисобни қисқартирган бўлса, орадан уч дақиқа ўтиб Асилбек Қаюмов мувозанатни тиклади. Учрашувга қўшиб берилган вақтнинг 5-дақиқасида эса Шерзод Эсанов ғалаба голини киритди — 3:2.
Ушбу ғалабадан сўнг бухороликлар 37 очко билан турнир жадвалининг бешинчи поғонасидан жой олди. «Андижон» эса 30 очко билан саккизинчи ўринда қолди.

Қаршининг «Насаф» жамоаси Ўзбекистон Суперлигасининг 23-турида Самарқанднинг «Динамо» клубини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. «Марказий» стадионда ўтган учрашувда ҳисоб 80-дақиқада Аденис Шаланинг голи эвазига очилди. Орадан уч дақиқа ўтиб, Ойбек Ўрмонжонов «Динамо»нинг жавоб голини киритиб, ҳисобни тенглаштирди. Бироқ, баҳсга қўшиб берилган вақтнинг олтинчи дақиқасида Алибек Давронов ғалаба голини уриб, «Насаф»га муҳим уч очкони тақдим этди.
Мазкур ғалаба эвазига «Насаф» очколари сонини 37 тага етказиб, турнир жадвалининг тўртинчи поғонасига кўтарилди. «Динамо» эса 30 очко билан тўққизинчи ўринда қолди.
«Қўқон-1912» жамоаси ўз майдонида Муборакнинг «Машъал» клубини қабул қилди. Қизиқарли кечган баҳсда мезбонлар рақиб дарвозасига жавобсиз учта тўп киритиб, ғалаба қозонди.

Учрашувнинг 16-дақиқасида Шоҳрух Гадоев томонидан киритилган гол қўқонликларга устунлик тақдим этди. Шундан сўнг ҳар икки жамоа ҳужумлар ташкил этишга ҳаракат қилган бўлса-да, ҳисоб ўйиннинг сўнгги дақиқаларига қадар ўзгармади. 88-дақиқада Иқбол Маликжонов мезбонларнинг иккинчи голини киритди. Баҳсга қўшиб берилган вақтнинг учинчи дақиқасида эса Силванус Нимели рақиб дарвозасини ишғол этиб, учрашувнинг якуний ҳисобини ўрнатди — 3:0.
Шу тариқа, «Қўқон-1912» ўз мухлислари қаршисида ишончли ғалабага эришиб, очколари сонини 23 тага етказди. «Машъал» эса 4 очко билан турнир жадвалининг сўнгги поғонасида қолмоқда.
Суперлиганинг 23-тури доирасида 10 октябрь куни «Қизилқум» ўз майдонида «Сурхон»ни қабул қилади. Ўйин соат 18:00 да «Ёшлар» спорт мажмуасида старт олади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА