Жаҳон кубогида Ўзбекистоннинг учта миллий рекорди янгиланди
Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида сузиш бўйича Жаҳон кубоги босқичи доирасида Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари учта миллий рекордни янгилади. Қисқа сувда, яъни 25 метрлик ҳавзада ўтказилаётган мусобақада спортчиларимиз бир қатор юқори натижаларни қайд этди.
Жумладан, Илья Сибирцев 800 метрга эркин усулда сузиш баҳсида 7 дақиқа 40,77 сония натижа кўрсатиб, мамлакат рекордини ўрнатди.
Элдор Усмонов 100 метрга баттерфляй усулида сузишда масофани 51,04 сонияда босиб ўтиб, миллий рекордни янгилади. Ситора Одилова эса 100 метрга брасс усулида 1 дақиқа 13,97 сония натижа билан финишга етиб келиб, Ўзбекистоннинг янги рекорди муаллифига айланди.
Мазкур натижалар халқаро майдонда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилаётган сузувчиларнинг маҳорат ва салоҳиятини намоён этиб, терма жамоамизнинг Жаҳон кубоги босқичидаги иштирокида муҳим аҳамият касб этмоқда.
Маълумот учун, сузиш бўйича “Ипак йўли” турининг бир қисми ҳисобланган мазкур жаҳон кубоги босқичи мамлакатимизда илк бор ўтказилмоқда. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, мусобақа спортчилар учун жорий йил декабрь ойида Пекин шаҳрида бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати олдидан сўнгги тайёргарлик вазифасини ўтайди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА