Пахтачиликлар Президентдан сўраган масала ҳал бўлди
Давлатимиз раҳбари Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида 16 апрель куни вилоят фаоллари билан йиғилиш ўтказганди.
Ушбу йиғилишда Пахтачи тумани вакиллари Самарқанд шаҳридаги "Она ва бола скрининг маркази"га бориб келиш аҳоли учун қийинчилик туғдираётганини айтиб, мазкур марказнинг ҳудудий филиали ташкил этилишини сўраганди.

Президентимиз ушбу масалани қисқа фурсатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга топшириқ берганди.
Шу куннинг ўзида амалий ишлар бошланди. Каттақўрғон шаҳар тиббий бирлашмасига сўнгги русумдаги "Mindray DC-60" ультратовуш аппарати келтирилди. Ушбу аппарат ҳомиладорликнинг туғма нуқсонларини эрта аниқлашда самарали ҳисобланади, бу эса соғлом авлодни дунёга келтиришда жуда катта аҳамият касб этади.
Эндиликда Каттақўрғон шаҳри, Пахтачи, Нарпай ва Каттақўрғон туманлари аҳолиси шу ерда скрининг текширувидан ўтиши мумкин.

17 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари Лазиз Тўйчиев Каттақўрғон шаҳар тиббиёт бирлашмасида бўлиб, вилоят "Она ва бола скрининг маркази" ҳудудий филиалини кўздан кечирди. Бу ерда ҳомиладор аёллар учун яратилган шароит билан танишди. Шунингдек қўшимча имкониятлар яратиш бўйича вазифалар белгиланди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА