Пахта хирмони — ҳар биримизнинг меҳнатимиз маҳсули
Ҳозирги кунда юртимиз бўйлаб пахта йиғим-терими авжида. Яқинда қўлда терилган пахта учун тўланадиган ҳақ ҳар бир килограмм учун 1 500 сўмдан 2 500 сўмга оширилгани эълон қилинди. Бу ўзгариш далада теримга жалб этилганлар учун рағбатни ошириб, терим ишларини янада фаоллаштиришга хизмат қилмоқда.
Айни пайтда маҳаллалардаги оилалар жамоавий равишда пахта далаларида фаол қатнашмоқда. Моддий манфаатдорлик туфайли терим жараёнлари юқори суръатда давом этмоқда. Иш қизғин олиб борилаётган пайтда ҳеч ким четда қолмаслиги керак.

Сирдарё вилоятининг Сирдарё тумани ҳудудида жойлашган Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси «Peng Sheng» МЧЖнинг пахта далаларида ҳам терим ишлари авжида. Қишлоқ хўжалиги соҳасида фаолият юритаётган ҳар бир киши бу жараёнга бефарқ бўлмаслиги табиий. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги марказий аппарати ва тизим ташкилотлари ходимлари ҳам теримда иштирок этиб, «оқ олтин» хирмонини тўплашга ҳисса қўшмоқда. деб хабар берди вазирлик матбуот хизмати.

Қайд этилишича, жорий йил янгиликларидан бири сифатида хорижий ғўза навларини юртимиз далаларига жорий этиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу ёндашувнинг самарасини «Peng Sheng» МЧЖ далаларида ҳам кузатиш мумкин. 67 гектарли ер майдонида томчилатиб суғориш орқали 34 гектарида қўш қатор, қолган қисмида эса 76 см кенгликдаги оддий якка қатор усулида хорижий навлар экилган.

Натижада, хорижий ва маҳаллий навлар тажриба тариқасида экилган даладан ҳар гектаридан 70 центнердан ортиқ ҳосил олинмоқда. Бу эса янги усуллар ва навлар қўлланилишининг юқори самарадорлигини кўрсатмоқда.
ЎзА