Пахта ҳосилини ўз вақтида йиғиб олиш — фермер даромадини оширишнинг муҳим омили
Пахтачиликда етиштирилган ҳосилни қисқа муддатларда ва сифатли йиғиб-териб олиш фермер хўжаликлари учун муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Бу нафақат шартнома мажбуриятларининг ўз вақтида бажарилишини, балки яратиб берилган имтиёз ва субсидиялардан самарали фойдаланиш имконини ҳам таъминлайди.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсати аъзолари 2026 йил ҳосили учун пахта етиштирган фермер хўжаликларини терим мавсумини уюшқоқлик билан ташкил этиш, мавжуд имкониятларни тўлиқ сафарбар қилиш ва ҳосилни қисқа муддатларда йиғиб олишга чақирди.
Қайд этилганидек, йил давомида олиб борилган агротехник тадбирлар, фермерларнинг тажрибаси, қишлоқ хўжалиги ходимлари ҳамда Фермерлар кенгашининг тавсиялари асосида пахта далаларида мўл ҳосил етиштирилди. Энди асосий вазифа — уни нобудгарчиликсиз, сифатли ва ўз вақтида йиғиб олишдан иборат.
Фермерлар учун қатор имтиёзлар белгиланган
2026 йилда пахта етиштириш, ҳосилни сифатли йиғиб олиш ва мавсумни самарали ташкил этиш мақсадида фермерларга бир қатор молиявий имтиёз ва қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланган.
Жумладан, 2026 йил 28 сентябрдаги ПҚ-354-сонли қарорга мувофиқ, 2026 йил ҳосилини биржа савдолари орқали сотган пахта етиштирувчи субъектларга ҳар бир тонна учун 500 минг сўм миқдорида субсидия ажратилиши белгиланган.
Шунингдек, 2026 йил 12 сентябрдаги ПҚ-326-сонли қарор асосида фермер хўжаликларининг дизель ёқилғиси хариди билан боғлиқ харажатларини қисман қоплаш механизми жорий этилган. Унга кўра, 2026 йил 1 июлдан 1 декабрга қадар товар-хомашё биржаларида харид қилинадиган ҳар бир тонна дизель ёқилғиси қийматининг 15 миллион сўмдан ошган қисми учун, бироқ 2 миллион сўмдан кўп бўлмаган миқдорда давлат субсидияси берилади.
Президентнинг 2026 йил 8 майдаги ПФ-82-сонли Фармони билан пахта хомашёсини етиштириш учун ажратилган имтиёзли кредитларни белгиланган муддатларда қайтарган хўжаликларни қўллаб-қувватлаш бўйича ҳам имтиёзлар назарда тутилган.
Хусусан, кредитни шартномада белгиланган муддатда қайтарган хўжаликларга тўланган фоиз тўловининг 2,5 фоизи, ҳосил йили якунига — тегишли йилнинг 31 декабрига қадар қайтарган хўжаликларга эса тўланган фоиз тўловларининг 5 фоизи қайтариб берилади.
Бундан ташқари, фермер хўжалигининг ўз маблағлари ҳамда тижорат банклари кредитлари ҳисобидан етиштирилган пахта хомашёси биржа орқали сотилганда, расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактура қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия ажратилиши белгиланган.
Теримни уюшқоқлик билан ташкил этиш муҳим
Фермер хўжаликлари раҳбарларига пахта теримига ишчи кучини кенг жалб этиш, уларни муносиб рағбатлантириш ва меҳнати учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш тавсия этилмоқда.
Шу билан бирга, кичик контурлардаги пахтани теришни ташкил этиш, далалар четларини териб олиш, пахта майдонларини машина теримига мос ҳолатга келтириш ва терим машиналаридан унумли фойдаланиш муҳим.
Мавсум давомида теримга жалб этилган ишчилар ҳамда пахта териш машиналари учун ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиш ҳам алоҳида аҳамият касб этади.
Фермерларга яна бир муҳим тавсия — теримга тайёр, пахтаси мавжуд майдонларни суғормаслик. Чунки ортиқча намлик пахтанинг сифат кўрсаткичларига ва терим жараёнининг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Айни пайтда терим жараёнида меҳнат қонунчилиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш талабларига қатъий риоя этиш, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик зарур.
Фермерлар манфаати ҳимоя қилинади
Пахта хомашёсини қабул қилиш масканларида уни қабул қилиш жараёнида нохолис муносабат ёки асоссиз чегирмаларга йўл қўйилган ҳолатларда фермерлар Фермерлар кенгашининг бириктирилган мутахассисларига мурожаат қилиши мумкин.
Кенгашнинг қишлоқ хўжалиги бўлими ва агроинспекция билан ҳамкорликда фермерларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш чоралари кўрилади.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши Раёсати аъзолари фермерларни кузнинг ҳар бир кунидан унумли фойдаланиб, пахта ҳосилини қисқа муддатларда ва сифатли йиғиб олишга чақирмоқда.
Бу, ўз навбатида, шартнома мажбуриятларини ўз вақтида бажариш, давлат томонидан яратилган имтиёз ва субсидиялардан фойдаланиш ҳамда фермер хўжаликлари даромадини оширишга хизмат қилади.
ЎзА