Пахта ҳосилдорлиги 50 центнерга етказилади
Фарғона вилоятида жорий йилда фермер хўжаликлари томонидан 77 минг 830 гектар майдонда пахта ҳосили етиштирилиши кўзда тутилган. Бободеҳқонлар қуёш нурларининг тафти замин узра таралаётган илиқ кунларда чигит экиш ишларини бошлаб юборишди.
Ёзёвон туманида жорий йилги ўзига хос ўзгарувчан об-ҳаво шароитида чигитни мақбул муддатда экиш ва мавсумни тизимли ташкил этиш бўйича кўргазмали ўқув-амалий семинар бўлиб ўтди. Тадбирда вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси мутахассислари, туманлар секторлари ва кластерлар раҳбарлари, фермерлар ҳамда дахлдор мутасаддилар иштирок этди.

“Мезон” фермер хўжалигида ўтган тадбирда дастлаб юқори ҳосилдор чигит ва қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари, кимёвий ўғитлар намуналари, техникалардан иборат қишлоқ хўжалиги кўргазмаси кўздан кечирилди. Соҳада узоқ йиллар меҳнат қилган тажрибали фахрийлар, вилоят фаоллари, нуронийлар билан бирга яхши ният, дуолар билан ерга чигит қадаш жараёнлари бошлаб берилди.


Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров деҳқончилик меҳнати оғир эканлигини, бироқ тўғри ҳаракат қилинса, ерга ўз вақтида уруғ қадалиб, агротехник тадбирлар олиб борилса, мўл ҳосил олинишини таъкидлади. Мавсум олдидан қилинажак ишларни тажрибали соҳа ходимлари билан маслаҳатлашиб амалга оширилиши ўзига хос анъанага айланганлигини ва бу ўз ижобий натижасини кўрсатаётганини қайд этди. Ўтган 2023 йилда пахтачиликда вилоятда ўртача 38 центнердан ҳосил олинган бўлса, бу йил маррани янада баланд олиб, фермерлар манфаат учун ишлаши бунинг учун пахта ҳосилдорлигини 50 центнерга чиқариш кераклигини таъкидлади.


Вилоят ҳокимининг ўринбосари Алибек Турсунов вилоятда сифатли агротехник тадбирларга муҳим эътибор қаратилаётганлиги, пахта-тўқимачилик кластерлари билан мавсумга кўрилган тайёргарлик, мавжуд техникалар, ёқилғи ва ўғитлар хусусида маълумот берди. Кластерлар раҳбарларига ва масъулларга белгиланган муддатда чигит экиш ишларини отряд усулида сифатли ва самарали амалга ошириш, ҳисоб-китоб бўлиши кераклиги, ерни тайёрлашда сифатига эътибор қаратиш ва механизаторлар иш ҳақини вақтида тўлаб борилиши юзасидан зарур кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек, семинар давомида ғаллачилик йўналишидаги чора-тадбирлар ҳам келишиб олинди.
М.Сулаймонов, ЎзА мухбири