Пасурхида янги оилавий шифокорлик пункти иш бошлади
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги Пасурхи маҳалласида янги оилавий шифокорлик пункти фойдаланишга топширилди.
Тиббиёт масканини “Авазов Улуғбек Жабборович” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари бунёд этди. 2 миллиард 580 миллион 260 минг сўм маблағ эвазига барпо этилган 50 ўринли кўркам иншоотда аҳолининг замонавий тиббий хизматлардан баҳраманд бўлиши учун барча шароит яратилган.

Айни пайтда тоғли ҳудудда аҳолига 12 та тиббиёт муассасаси бирламчи тиббий-санитария хизмати кўрсатмоқда. Уларнинг олтитаси оилавий шифокорлик пунктидир. Шунингдек, бешта хусусий тиббиёт муассасаси ва 23 та хусусий дорихона мавжуд.

Оилавий шифокорлик пунктининг очилиш маросимида туман ҳокими Баҳодир Шукуров кейинги йилларда соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, аҳолига яратилаётган қулайликлар, бирламчи тиббий хизматни янада такомиллаштириш юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича сўз юритди. Янги шифокорлик пунктида Пасурхи маҳалласи аҳолисига хизмат кўрсатадиган тиббиёт ходимлари ишига муваффақият тилади.

Маросим иштирокчилари тиббиёт масканида яратилган шароитлар билан танишди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири