Пастдарғомлик асрга тенгдош оналар йўқланди
Самарқанд вилоятида бугунги кунда Иккинчи жаҳон уруши даврида фронтортида меҳнат қилган 260 нафардан ортиқ нуронийлар ҳаёт кечирмоқда. Улар давлатимиз томонидан кўрсатилаётган ғамхўрлик ва эътибордан баҳраманд бўлиб келмоқда.
Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига кўра, бу йил машъум урушдаги ғалабанинг 80 йиллиги муносабати билан 1941–1945 йиллар уруш давридаги меҳнат фронти қатнашчиларига ҳам 3 миллион сўмдан пул мукофотлари берилиши белгиланди.

Муборак Рамазон ойи давом этаётган шу кунларда маҳаллий ҳокимликлар, жамоат ташкилотлари вакиллари уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари ҳолидан хабар олиб, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатмоқда.
Жумладан, Пастдарғом туманида айни пайтда 22 нафар меҳнат фронти қатнашчиси ҳаёт кечирмоқда. 90-100 ёшли бу нуронийларнинг 15 нафарини пиру бадавлат онахонлар ташкил этади.
Халқаро хотин-қизлар байрами олдидан туман ҳокими Ш.Раҳмонов ва жамоатчилик вакиллари онахонлар хонадонларига бориб, уларни байрам билан табриклади.

Туманнинг Катта найман маҳалласида истиқомат қилаётган 97 ёшли Саломат момо Амированинг суяги меҳнатда қотган, узоқ йиллар қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаган, туман, вилоят ва республика Олий Кенгаши депутати сифатида халқнинг оғирини енгил, мушкулини осон қилиш йўлида фидойилик кўрсатган. Айни пайтда фарзанд ва набиралари, эваралари ардоғида ҳаёт кечираётган онахон “Шуҳрат” медали, I даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган.
– Шу кунларга етказганига шукр, – дейди Саломат Амирова. – Ҳар тонг, аввало, Яратганга шукрона айтаман, невара-чевараларни ҳам шунга даъват қиламан. Биз кўрган кунлар ҳозирги авлод учун чўпчакдек туюлади, илоҳим, улар қийинчилик кўрмасин. Лекин бугунги тинч-осуда кунларнинг қадрига етиш, асраб-авайлаш керак.

Қуйи Дарғом маҳалласининг энг ёши улуғ инсони ҳисобланган 100 ёшли Муҳаррам ая Эшмуродова ҳам ёшлик йиллари оғир дамларга тўғри келганини эслаб кўзига ёш олади, лекин бугунги кунлар учун шукрона айтишдан чарчамайди.
Табаррук момолар йўқлов ва табрик учун миннатдорлик билдириб, дуолар қилдилар.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари