Партия ва музей ўртасида меморандум имзоланди
Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилояти партия ташкилоти ва Бухоро давлат қўриқхонаси Aрк ўлкашунослик музейи ҳамкорлигида “Бутунжаҳон ёввойи табиат куни”га бағишлаб кўргазмали давра суҳбати бўлиб ўтди. Тадбирда партия фаоллари, Бухоро Давлат университети талабалари, сайёҳлар қатнашди.
Давра суҳбатида Aрк ўлкашунослик музей филиали ходимлари томонидан вилоятда туризмни ривожлантириш истиқболлари ҳақида фикр билдирилди. Сўнгра “Бутунжаҳон ёввойи табиат куни” нинг аҳамияти тўғрисида партия ходимлари сайёҳлар ва ёшларга маълумот бериб ўтди.

Тадбир доирасида ёшлар учун экскурсия ташкил этилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Aрк қўрғони ҳудудида гуллар экилди.



– Aҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, экологик муаммоларни ҳал этиш ва атроф табиий муҳитни муҳофаза қилишга, табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга ҳамда маданий меросни асраш ва ундан оқилона фойдаланишга қаратилган комплекс чора-тадбиларни амалга оширишда Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилояти партия ташкилотининг роли ва ўрнини ошириш ҳамда Aрк ўлкашунослик музейига сайёҳлар ва кенг жамоатчиликни жалб этиш мақсадида ҳамкорлик меморандуми имзоланди, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Бухоро вилояти партия ташкилоти раиси Жаҳонгир Шарипов. – Aрк ўлкашунослик музейида Ўзбекистон Экологик партияси бурчагининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Эндиликда музейга келган барча сайёҳлар Ўзбекистон Экологик партияси ҳақида маълумотларга эга бўлади.
Тадбир сўнгида фаолларга ташаккурномалар берилди.
Зариф Комилов,
ЎзА