Паррандачилик соҳаси учун янги имкониятлар: имтиёзли кредитлар ишлаб чиқаришни қандай ўзгартиради?
Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳолини сифатли ва арзон паррандачилик маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлаш ҳамда соҳага хусусий инвестицияларни жалб қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Кейинги йилларда паррандачилик тармоғини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ва тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.
Бу борада давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 23 июлдаги “Паррандачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори соҳани ривожлантиришнинг янги босқичини бошлаб бериши кутилмоқда.
Қарорга мувофиқ, паррандачилик хўжаликлари, парранда учун омухта ем ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар ҳамда “тайёр бизнес” лойиҳаларини амалга оширувчиларга молиявий ресурслар янада қулай шартларда тақдим этилади. Хусусан, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан “Микрокредитбанк” АТБга йўналтирилган маблағлар ҳисобидан 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб янги расмийлаштириладиган кредитлар йиллик атиги 10 фоиз ставкада ажратилади.
Бу меъёр биринчи навбатда янги инвестиция лойиҳаларини рағбатлантиришга хизмат қилади. Чунки кредит фоизининг пасайиши тадбиркорнинг молиявий юкини енгиллаштиради, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва замонавий технологияларга сармоя киритиш имкониятларини оширади.
Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, 2026 йил 1 августдан паррандачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича янги қувватларни ишга тушириш, шунингдек, “тайёр бизнес” лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳам “Микрокредитбанк” орқали йиллик 10 фоиз ставкада, 4 йиллик имтиёзли давр билан 10 йилгача муддатга кредитлар ажратилади.
Бу каби узоқ муддатли ва имтиёзли молиялаштириш механизми тадбиркорга лойиҳани ишга тушириш, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва дастлабки йилларда барқарор фаолият юритиш учун етарли вақт яратади. Айниқса, паррандачилик каби катта сармоя талаб қиладиган соҳада бундай шартлар муҳим аҳамият касб этади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА