Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеясида Ўзбекистон томонидан муҳим ташаббуслар илгари сурилди
Танзаниянинг Аруша шаҳрида Парламентлараро иттифоқнинг 153-ассамблеяси бўлиб ўтмоқда. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги мамлакатимиз парламент делегацияси ҳам иштирок этмоқда.
Ассамблея доирасида Аёл парламентарийлар форуми ўтказилди. 120 нафарга яқин парламент аъзоси иштирок этган форумда “Барча учун инклюзив ижтимоий ривожланиш: ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлаш ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган парламент стратегиялари” мавзусидаги резолюция лойиҳаси генер жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқилди.
Йиғилишда Парламентлараро иттифоқ (ПИ)нинг Аёл парламентарийлар бюроси президенти Синтия Лопес Кастро, ПИ Президенти Тулия Эксон ва бошқалар қарорлар қабул қилишда аёллар ваколатга эга бўлмаса тараққиётга эришиб бўлмаслигига эътибор қаратди. Аёл парламентарийлар тенгликни, таъсир имкониятини талаб қилиши кераклигини билдирди. Муҳокама қилинган ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ лойиҳанинг мақсади ҳам шу жиҳатлар билан муштаракдир.
Мавзу бўйича ўз фикрларини билдирган Туркия, Озарбайжон, Кения ва бошқа давлатлар вакиллари ногиронлиги бўлган шахслар ҳимояси бўйича ҳужжат қабул қилиниши тарихий воқеа эканини эътироф этди. Зеро, улар учун тенгликни таъминлаш умуминсоний қадриятларнинг бир қисмидир.

Йиғилишда Ўзбекистон Сенати Раиси Танзила Норбоева маъруза қилиб, ногиронлиги бўлган аёллар ва қизларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши ҳамда жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиши учун тенг имкониятлар яратиш муҳимлигини таъкидлади.
– Бироқ, улар ҳали ҳам турли тўсиқларга дуч келмоқда, – деди Т.Норбоева. – Улар зўравонликка дуч келган ҳолатларда зарур ёрдам олиши қийин бўлиши мумкин. Шу боис, ушбу резолюцияда ногиронлиги бўлган барча шахсларни ҳимоя қилиш, аёллар ва қизлар дуч келаётган тўсиқларга барҳам бериш ғояси акс этиши лозим. Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мазкур йўналишнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган. Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари қонунчиликда кафолатланиб, хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш чоралари кучайтирилди. Оилавий зўравонлик учун жавобгарлик белгиланди, жабрланганларга ижтимоий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш механизмлари йўлга қўйилди. Парламентлараро иттифоқ билан ҳамкорликда хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш йўлида ҳам иш олиб бормоқдамиз.

Сенат Раиси қатор амалий таклифларни илгари сурди. Парламентларда қонун лойиҳаларини ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари нуқтаи назаридан мажбурий экспертизадан ўтказиш тартибини жорий этиш таклиф қилинди. Бунда ногиронлиги бўлган аёллар ва қизлар дуч келадиган тўсиқлар алоҳида баҳоланиши лозим. Энг асосийси, бу жараёнда ногиронлиги бўлган аёлларнинг ўзлари ҳам бевосита иштирок этиши зарур.
Қабул қилинган қонунларнинг ижроси устидан доимий ва таъсирчан парламент назоратини таъминлаш таклиф этилди. Назорат тадбирларига ногиронлиги бўлган шахслар, айниқса, аёллар ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ифода этувчи ташкилотларни кенг жалб қилиш жуда муҳим. Парламент назорати доирасида аниқланган ҳар бир муаммо ва тўсиқни бартараф этиш бўйича масъул идоралар олдига аниқ вазифалар қўйилиши даркор.
Илгари сурилган ташаббуслар ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати, ҳуқуқ ва имкониятлари таъминланган жамиятни шакллантиришда парламентларнинг амалий масъулиятини янада оширишга қаратилган.
Йиғилишда Ўзбекистон томонидан илгари сурилган ташаббуслар қўллаб-қувватланиши билан бир қаторда яқинда Самарқандда Парламентлараро иттифоқ Ёш парламент аъзоларининг XII глобал конференцияси юқори савияда, муваффақтятли ўтказилгани эътироф этилиб, бунинг учун мамлакатимиз раҳбарияти ва парламентига миннатдорлик билдирилди.
Норгул Абдураимова, ЎзА
Танзания, Аруша шаҳри