Икки вазирлик ва агентликларнинг самарадорлик кўрсаткичлари кўриб чиқилди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий масалалар қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида Соғлиқни сақлаш, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирликлари, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Миграция агентлигининг ахборотлари кўриб чиқилди.
Ахборотларда республика бюджетидан ажратиладиган бюджет маблағларидан фойдаланиш, ривожлантириш дастури мақсадли индикаторларининг ижроси, вазирлик ва идоралар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарларининг самарадорлиги кўрсаткичлари ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида кўтарилган масалалар қай даражада ҳал этилаётгани бўйича маълумотлар тақдим этилди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан аҳоли саломатлигини сақлаш, соғлом авлодни тарбиялаш учун шарт-шароитлар яратиш, профилактик соғлом турмуш тарзини кенг оммалаштириш, аҳолига ўз вақтида малакали ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш ишлари бўйича белгиланган вазифалар ижроси самарали бажарилган.
Муҳокамаларда вазирлик томонидан жорий йилнинг 9 ойида 3 929,0 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилгани, бу эса йиллик режанинг 63,0 фоизини ташкил этгани, ривожлантириш дастурлари эса атиги 42,9 фоизга ўзлаштирилгани танқид қилинди. Айниқса, фтизиатрия ва пульмонология хизматини янада ривожлантириш ҳамда туберкулёз касаллигининг олдини олиш дастури бўйича йиллик режа 10 фоиз, кам учрайдиган (орфан) ва бошқа ирсий-генетик касалликларга чалинган болаларга тиббий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш дастури 16 фоиз, буйрак ва жигар трансплантацияси жарроҳлик амалиёти ўтказилган беморларни дори воситалари билан таъминлаш дастури 18 фоиз бўлгани депутатларнинг эътирозига сабаб бўлди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг ахборотига кўра, вазирлик томонидан жорий 9 ойда 3 та жамғармага ажратилган 422,1 млрд сўмдан 17 млрд сўм ўзлаштирилмай қолган. Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига ажратилган 71,8 млрд сўмнинг 78 фоизи ўзлаштирилган. Ҳудудларда ишсизлик ва касбга ўқитишга эҳтиёж юқори бўлган бир пайтда 15,8 млрд сўм маблағнинг ҳаракатсиз қолганига алоҳида эътибор қаратилди.
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, давлат томонидан фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш кўлами ва турларини кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар томонидан давлат бюджети маблағларидан самарали фойдаланиш, мақсадли индикаторлар ижросини таъминлаш бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.
М.Комилова, ЎзА