Парламент ва маҳаллий Кенгашлар ҳамкорлиги янги босқичда
Нурафшон шаҳрида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан “Янги Ўзбекистонда вакиллик органлари тизими: парламент ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар ўртасидаги ўзаро муносабатлар” мавзусида қўмита йиғилиши ўтказилди.
Халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши ҳамкорлигида офлайн ва онлайн шаклда ташкил этилган тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, халқ депутатлари Тошкент вилояти, туман ва шаҳар Кенгашлари депутатлари, Қўмита ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзолари, Ёшлар парламенти вакиллари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

Тадбирда Янги Ўзбекистонда вакиллик ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, парламент ва маҳаллий Кенгашлар ўртасидаги институционал ҳамкорликни мустаҳкамлаш, қонун ижодкорлиги жараёнида ҳудудий вакиллик органларининг иштирокини кенгайтириш ҳамда парламент назорати самарадорлигини ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, жойлардаги мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга ечим топишда парламент ҳамда маҳаллий Кенгашларнинг яқин ҳамкорлиги муҳим аҳамият касб этади. Шу боис депутатлик корпусининг ўзаро ҳамжиҳатлигини кучайтириш, қонунларнинг ҳудудлардаги ижроси устидан назоратни такомиллаштириш, сайловчилар билан мулоқотнинг самарали механизмларини кенг жорий этиш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири экани қайд этилди.

Шунингдек, маҳаллий Кенгашлар ваколатларини янада самарали амалга ошириш, депутатлик фаолиятига замонавий ёндашувларни кенг татбиқ этиш, парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органлари ўртасидаги очиқ ва тизимли мулоқотни ривожлантириш юзасидан қатор таклифлар билдирилди.
Мулоқот давомида ҳудудларда тўпланган амалий тажриба, мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари хусусида фикр-мулоҳазалар алмашилди. Иштирокчилар парламент ва маҳаллий Кенгашлар ўртасидаги ҳамкорлик давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда фуқаролар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилишини таъкидлади.

Тадбир якунида муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, уларни амалиётга татбиқ этиш бўйича келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
А.Мусаев, ЎзА