Парламент назорати – қонун устуворлигининг асоси
Ўзбекистон Республикаси конституциясида мамлакатимизнинг ўз олдига қўйган улкан мақсад-вазифалари, қайси моделга асосланиши, халқаро миқёсда қабул қилинган инсон ҳуқуқлари ва ҳуқуқ устуворлиги ҳамда демократия тамойиллари ўз ифодасини топган.
Асосий Қонунимизда мавзулар ўқувчига қулай бўлган кетма-кетликда жойлаштирилган. Иккинчи боб халқ ҳокимиятчилиги, учинчи боб Конституция ва қонуннинг устунлиги, саккизинчи боб сиёсий ҳуқуқлар, тўққизинчи боб иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар, деб номланган. Хусусан, инсон ва фуқаролар асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда бурчларининг алоҳида бўлимда берилиши халқаро экспертлар томонидан юқори баҳоланган. Тадқиқотчилар дунё конституцияларида жами 117 хил инсон ҳуқуқлари қамраб олинганлигини ҳисоблаб чиқиб, уларнинг қанчаси 190 та давлат конституциясида акс этгани бўйича таҳлил ўтказганида, Франция Конституцияси 13, АҚШ Конституцияси 35, Буюк Британия конституциявий аҳамиятдаги ҳужжати 44, Германия ва Японияникида эса 48 турдаги ҳуқуқлар қамраб олингани ҳолда, бизникида 55 турдаги ҳуқуқ ўз ифодасини топганлиги аниқланган. 190 та давлат ичида 117 та ҳуқуқнинг барчасини қамраб олган ҳужжатнинг ўзи йўқ.
Мамлакатимизда мустақиллик йилларида (1991-2021) конституциямизнинг асосий талаб-қоидаларини рўёбга чиқариш устида сезиларли ўзгаришлар юз берди, дейиш мумкин. Хусусан, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни янги босқичга кўтариш, демократик ислоҳотларни жадаллаштириш ва фуқаролик жамияти ривожи учун мақбул сиёсий механизмларни вужудга келтиришда яхши қадамлар ташланди.
Хўш, бу тарихий жараёндан нима кутилади? Илмий таҳлиллар ва назариётчиларнинг фикрича, сиёсий ислоҳотлар натижасида «мамлакат ҳаётининг бошқа соҳаларида, ижтимоий, иқтисодий, фан, маданият, таълим йўналишларида бўладиган модернизация жараёнлари ҳам охир-оқибатда, жамиятнинг демократлашувига олиб келади». Бундай самарага эса фақат мамлакатда тинчлик ва барқарорлик муҳити бўлганида эришилади. «Сиёсий барқарорликни сақлаб қолиш – жамиятда иқтисодий тараққиёт суръатига, даромадларнинг адолатли тақсимланишига, сиёсий имкониятлар захираси тугамаслигига ва сиёсий партиялар ишининг самарадорлигига яхши таъсир кўрсатади», дейди таниқли америкалик олим Самюел Хантинтгтон.
Демак, сиёсий барқарорликни сақлаб қолиш – жамиятда иқтисодий тараққиёт суръатига, даромадларнинг адолатли тақсимланишига, сиёсий имкониятлар захираси тугамаслигига ва сиёсий партиялар ишининг самарадорлигига яхши таъсир кўрсатади.
Шу ўринда, Ўзбекистонда сиёсий модернизациянинг таркибий тузилмаларида қандай жараёнлар содир бўлди, деган мантиқий савол туғилади. Бизга маълумки, модернизациялаша бошлаган жамият бир-бирига боғланган турли комплекс жараёнлардан иборат бўлади. Сиёсат назарияларига кўра, ҳар бир мамлакатда конституцияда ёзилган демократик қоидаларни амалиётга жорий қилиш жараёнида устувор соҳаларда ушбу ислоҳотлар амалга оширилади:
Биринчидан, иқтисодий тузилмаларда:
– ишлаб чиқариш, тақсимот, транспорт, коммуникация каби соҳаларда инсон кучлари самарали ишлатилади;
– иқтисодиётда анъанавий моделлардан ривожланиш моделлари меҳнат қуролларидан замонавий мураккаб технологияларни қўллашга ўтилади;
– саноат тармоқларида сон ва сифат жиҳатидан иккиламчи (саноат ва савдо) ва учламчи (хизмат) секторни ишга тушириб, бирламчи (қазиб олиш) сектори қисқариб боради;
–иқтисодиёт соҳасидаги ишлаб чиқариш, истеъмол ва тақсимот йўналишида кластерга ихтисослашиш юз беради;
–саноат индустрияси юксалади.
Иккинчидан, сиёсий тузилмаларда:
–сиёсий тузилмалар диференциялашуви рўй бериб, сиёсий институтларнинг роли кучаяди;
–сиёсий тизимнинг эволюцияси замонавий суверен давлат қуришга йўналтирилади;
–давлатнинг роли ниҳоятда ошади;
–давлат ва фуқароларнинг шериклик ҳамкорлигига доир қонунчилик базаси кенгаяди;
–сиёсий ҳуқуқини биладиган фуқаролар кўпаяди, ижтимоий гуруҳ ва индивидларнинг сиёсий ҳаётга жалб этилиши вужудга келади;
–модернизацион элиталарнинг сони ошади.
Учинчидан, ижтимоий тузилмаларда:
–очиқ ва юқори мобилли жамият тизими шакллана бошлайди;
–одамларнинг ўзини тутиши, ички маданияти ва ўзаро алоқаси юксалади;
–давлат ва жамият мулоқотида мувофиқлашган тизим (ҳуқуқлар, қонунлар, низомлар, шартномалар бўйича ёзма мурожаат қилиш) яратилади;
–бошқарув институтлари, ижтимоий ва ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасида мустаҳкам алоқа ўрнатилади;
–секуляризация (диндан холи бўлиш) жараёни кечади.
Тўртинчидан, маданий тузилмаларда:
–маданият тизими асосий элементлари дифференциялашади;
–саводхонлик ва замонавий таълим ривожланади;
–фан ва технологияга ишонч кучаяди;
–аниқ фанлар, интеллектуал мулк ва илмий-инновацион тизимларнинг нуфузи ошади;
–янги индивидуал кўникма, замонавий анъаналарнинг кенг ижтимоий мослашуви вужудга келади;
–фуқароларнинг сиёсий онги, маданияти ошади, турмуши ва фикрлаш тарзи кенгаяди;
–шахснинг жамият муаммолари ва эҳтиёжларига мослашиш имконияти юзага келади.
Юқоридагилардан кўриниб турибдики, модернизация – замонавийлашиш жараёни ҳар бир мамлакатда жуда мураккаб кечади. Ўзбекистонда ҳам ислоҳотлар жараёни қийин кечмоқда. Фуқароларнинг дунёқараши, тафаккур тарзи, жамият воқеа-ҳодисаларига муносабати ижобий томонга ўзгарган тақдирда, кутилган самарадорликка эришилади. Шахс эркинлаша бошласа, ҳақ-ҳуқуқини яхши англаб етсагина жамият ҳам, давлат ҳам иқтисодий-сиёсий жиҳатдан ривожланади.
Ғарб таҳлилчиларининг фикрича, ҳокимиятнинг учта тузилмасида қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг ўрни доимо юқори ўринда туради. Давлат ҳокимияти тақсимланиш моделига кўра, қонун чиқарувчи ҳокимият жамиятда мавжуд барча ижтимоий гуруҳларнинг вакиллик органларини таъминлаши, сиёсий қарорлар қабул қилишда сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Парламент «давлатнинг сиёсатини белгилайди» (Ж.Локк), «парламентнинг фаолияти халқ томонидан назорат этилмайди» (Э.Берк).
Қонунчилик тармоғининг давлат ҳокимиятидаги фаол иштироки кўп жиҳатдан конституциявий асосларнинг яратилганлиги билан белгиланади. Давлат ҳокимияти тизимида биронта конституциявий ислоҳот парламентни четлаб ўтмаслиги лозим.
Ижроия ҳокимиятининг жамиятни модернизациялаш жараёнидаги иштироки масаласи ҳам ёш тадқиқотчилар учун долзарб мавзу бўлиши мумкин. Таниқли олим Э. Хейвуд ижро этувчи ҳокимиятни «бюрократик раҳбарият», деб атайди. Улкан бюрократик, ҳам маъмурий аппаратдан иборат ижро этувчи ҳокимиятнинг ҳақиқий вазифаси сиёсий қарорларнинг амалга оширилишини назорат қилиш бўлсада, ҳукуматнинг давлат сиёсатида етарли даражада фаолият кўрсатмаслиги қуйидаги омиллар билан изоҳланади:
биринчидан, фаолияти кун сайин кенгайиб борадиган бюрократик аппаратни бошқаришга профессионализм етишмайди, чунки аппаратда бошқарув тажрибаси етарли бўлмаган ходимлар кўпроқ ишлайди;
иккинчидан, улар ўз моддий манфаатини ҳеч қачон унутмайди, сабаби, турли манфаатдор гуруҳлар ишини ўзидаги департаментлар назорат қилади».
Иккинчи омил жиддийроқ таҳлил қилинганда, ҳукуматда эгоистик манфаатли кишилар бирлашгудек бўлса, коррупция хавфи туғилиши ҳолати маълум бўлади. Бугунги кундаги айни ҳолат аслида шундай. Афсуски, жамият ривожига халақит бераётган ушбу зарарли иллат, яъни коррупциянинг намоён бўлиши ҳам миллий иқтисодиётимиз ривожига, ҳам сиёсий ислоҳотларнинг тизимли давом этишига, ҳам давлат ва жамият ўртасидаги ўзаро ишонч муносабатларига жиддий тўсиқ бўлмоқда.
Булардан хулоса шуки, ҳуқуқий демократик давлат қуриш учун биринчидан, парламентнинг роли ва нуфузини янада ошириш мақсадга мувофиқ. Бугун ҳаётнинг ўзи парламент назорати объектлари доирасини кенгайтиришни талаб этмоқда. Амалдаги қонунга кўра, парламент фақат давлат органлари фаолияти устидан назорат олиб бориши мумкин. Бироқ хўжалик бошқаруви органлари, хусусан, «Ўзбекнефтгаз», «Ўзбекэнерго», Кон-металлургия комбинатлари каби йирик компания ва бирлашмалар бундан четда қолмоқда. Шу мақсадда «Парламент назорати тўғрисида»ги қонунга тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Иккинчидан, сиёсий партияларнинг жамиятда тутган ўрни ва нуфузини кучайтиришга бўлган эҳтиёжни ҳисобга олиш масаласи турибди. Миллий ўзликни англаш ва миллатнинг ривожида сиёсий партияларнинг тутган ўрнини алоҳида таъкидлаб ўтишимизга тўғри келади.
Сиёсий партия– фуқароларнинг энг фаол, муштарак мафкура асосида боғланган, давлат ҳокимиятини қўлга киритиш, уни сақлаб қолиш ва амалга оширишга интилувчи қисми, ихтиёрий иттифоқи. Сиёсий партиялар жамоат бирлашмаси шаклида ташкил этилувчи ва фаолият юритувчи фуқаролик жамиятининг ўзига хос институти бўлиб, у муҳим ижтимоий-сиёсий ва вакиллик вазифаларини амалга оширади. Сиёсий партиянинг мақсади – ўзининг электорати манфаатларини ифодаловчи дастурий мақсадларини илгари суриш имкониятига эга бўлиш учун давлат ҳокимияти вакиллик органларида кўпчилик ўринни эгаллаш ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясида сиёсий партияларнинг мақоми, уларнинг фуқаролик жамияти ҳаётидаги роли ва ўрнини белгилаб берувчи қуйидаги муҳим меъёрлари кўрсатилган:
– фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи (32-модда);
– фуқароларнинг касаба уюшмаларига, сиёсий партияларга ва бошқа жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқи (34-модда).
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан 2017 йил июль ойида ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида парламент ва сиёсий партияларнинг фаолияти ҳақида кескин танқидий фикрларни билдирди. Олий Мажлиснинг давлат бошқаруви органлари фаолияти устидан парламент назоратини амалга ошириш, қабул қилинаётган қонунлар, муҳим ижтимоий-сиёсий, иқтисодий аҳамиятга эга давлат дастурларининг ижросини сўзсиз таъминлашга қаратилган ишларини ҳам етарли, деб бўлмайди.
Демак, парламент назорати – мамлакатимизда қонун устуворлиги ва сиёсий ислоҳотларнинг самарали кечиши кафолати ҳисобланади.
Бахтиёр Омонов, Ўзбекистон миллий университети профессори,
сиёсий фанлар доктори