Парламент комиссияси йиғилиши
Қонунчилик палатасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши ўтказилди.
Парламент комиссияси томонидан олтита масала кўриб чиқилди.
Парламент комиссияси раиси А.Саидов инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш механизмини янада такомиллаштириш, бу йўналишда парламент, ҳукумат ва фуқаролик жамияти институтларининг амалий ҳамкорлигини йўлга қўйиш, шунингдек, инсон ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини таъминлашга қаратиш каби масалаларга алоҳида тўхталиб ўтди.
[gallery-3241]
Омбудсман Феруза Эшматованинг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2021 йил биринчи ярмидаги мурожаатлар билан ишлаш фаолияти тўғрисида”ги ахбороти эшитилди.
Берилган ахборотга кўра, жорий йилнинг биринчи ярмида вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 9 632 та мурожаат қабул қилинган.
Халқ таълими вазири ўринбосари Ваҳобжон Ражаповнинг “Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни янада кучайтириш” юзасидан комплекс чора-тадбирлар дастурининг 2-чоракдаги ижроси юзасидан ахбороти эшитилди.
Видеоконференц алоқа шаклидаги йиғилишда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори ўринбосари Дилноза Муратова Иркий камситишнинг барча шаклларини тугатиш тўғрисидаги Халқаро конвенция қоидаларини бажариш бўйича Ўзбекистон Республикасининг Ўнинчи - Ўн иккинчи даврий маърузаларини кўриб чиқиш якунлари юзасидан БМТ Ирқий камситишни тугатиш бўйича қўмитасининг якуний мулоҳазалари ва тавсияларини бажариш юзасидан 2020 – 2022 йилларга мўлжалланган Миллий ҳаракатлар режаси ижроси бўйича ахборот берди.
Кун тартибидаги масалалардан яна бири — “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналиши ижроси юзасидан “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси Бобур Бекмуродов ахборот берди.
Н.Насриев, ЎзА