Паркент салфеткалари ҳақида эшитганмисиз?
У буни мақтаниш учун айтмади, бу отанинг фарзандларидан ғурурланиши эди, холос.
Паркент тумани ҳокимининг ёшлар билан учрашувида Намданак қишлоғида истиқомат қилувчи Абдумўмин Собиржонов сўз олиб, уч нафар ўғлининг иши тўғрисида йиғилганларга хурсанд бўлиб гапирди. У буни мақтаниш учун айтмади, бу отанинг фарзандларидан ғурурланиши эди, холос.
Уч ака-ука Сабриддин, Рухиддин, Муҳриддин Ориповлар йиғган маблағларига ўзларининг қишлоғидан кичикроқ бинодан хона олиб, мўъжазгина цех очди. Қоғоз сочиқ, яъни салфетка маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйди. Йигитлар ўзларидан бошқа яна икки нафар ёшни ҳам иш билан таъминлади.
Албатта, цехни бунёд этиш, хоналарни мослаштириш, ишлаб чиқариш учун шароитлар яратиш ва хориждан технология келтириш ҳамда бошқа юмушларни бажариш осон кечмади. Лекин бугун улар Хитойдан олиб келинган ускуналарни бошқаришни бинойидек уддаламоқда, шу билан бирга, яхшигина даромад ҳам олмоқда.
– Маҳсулотларни туманимиздаги ошхоналар олади, пойтахтимиздаги «Ўрикзор», «Эко» бозорларига ҳам чиқаряпмиз, – деди тадбиркор Рухиддин Орипов. – Ишимиз ёмон эмас. Биз бизнесимизни бошлашда анча иккиланган эдик. Кўпчилик учун арзимаган бўлиб туюлган бу тадбиркорликнинг ўз ўрни бўлганидан бугун хурсандмиз. Битта елим қопда 40 та қадоқда маҳсулот бўлади. Ишимиз бароридан келса, бир кунда 30 қопни сотувга чиқарамиз.
Тадбиркорларнинг фаолиятини кузатамиз. Дастгоҳга жойлаштирилган қоғозлар ўрами худди лента мисоли айланиб, дастлаб гул босиш босқичидан ўтказилади, кейин махсус узунликда жойлаштирилиб, ўткир тиғли мослама билан кесилади ва компьютер кўмагида кичик, ўртача ва катта халтачаларга 50, 100, 200 донадан солинади. Шундан сўнг эса яна мослама орқали елим халтачалар тикилиб, сотувга чиқаришга тайёр бўлади.
Мавриди келганда бир жиҳатга эътибор қаратсак. Уч ака-укалар ҳам бугунги баъзи тенгдошлари қатори бирор ишни бошини тутмасдан юриши мумкин эди. Аммо улар ҳаётда ўз йўлини топиб, ўз бизнесини йўлга қўйди. Энди ака-укалар банкдан кредит олиб, корхона фаолиятини кенгайтирмоқчи.
Дилфуза МИРОБИДОВА,
«Паркент тонги» газетаси муҳаррири.