Паркент ижод уйида III Халқаро таржимонлар форуми бошланди
Паркент ижод уйида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган III Халқаро таржимонлар форуми ўз ишини бошлади.
Адабий алоқаларни мустаҳкамлаш, миллий адабиётимизни жаҳонга кенгроқ танитиш ҳамда бадиий таржима соҳасидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишга бағишланган мазкур нуфузли халқаро анжуманда мамлакатимиз ва қўшни давлатлардан кўплаб ижод аҳли жам бўлди.
Форумда Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда истиқомат қилаётган 16 нафар ижодкор — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзолари, шунингдек, замонавий ўзбек таржимачилиги тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган 30 дан ортиқ таниқли таржимонлар ҳамда истеъдодли ёшлар иштирок этмоқда.

Тантанали тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо, Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раиси ўринбосари Беҳзод Шукуров ҳамда “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев бадиий таржиманинг бугунги тараққиёт босқичлари, ўзбек адабиётини халқаро майдонда тарғиб этиш, қардош халқлар ижодкорлари асарларини таржима орқали кенг китобхонлар оммасига етказиш масалалари ҳақида батафсил тўхталди.

Миллий адабиётимизни жаҳон миқёсида тарғиб этиш, дунё адабий жараёнларидан мамлакатимиз сўз санъати ихлосмандларини баҳраманд этишда бадиий таржиманинг ўрни беқиёс. Бундай ижодий мулоқот майдонлари таржимонлар ўртасида тажриба алмашиш, адабий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва халқлар ўртасидаги маънавий яқинликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Анжуман давомида қўшни давлатларда ўзбек адабиётини тарғиб этиш йўлида муносиб меҳнат қилаётган бир қатор ижодкорлар Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг фахрий аъзолигига қабул қилинди. Шунингдек, таржима соҳасидаги изланишлари ва ижодий фаоллиги билан эътибор қозонган таржимонларга уюшманинг аъзолик гувоҳномалари топширилди. Бу эътирофлар адабиётнинг халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдаги беқиёс ўрнининг яна бир тасдиғи бўлди.

— Таржима — бу икки халқ ўртасида қурилган маънавий кўприкдир, — деди ёзувчи ва таржимон, таниқли публицист ва олима Рисолат Ҳайдарова. – Бадиий таржима орқали китобхонлар бошқа миллатларнинг тарихи, маданияти ва адабиёти билан яқиндан танишади. Шу маънода форумда таржима масалаларига алоҳида эътибор қаратилгани жуда муҳим бўлди. Форум давомида билдирилган фикр ва таклифлар келгусида қардош мамлакатлар адиблари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

Анжуманда “Шарқнома” журнали фаолияти, Қозоғистондаги ўзбек адабиётининг шаклланиш жараёнлари, аруз вазнидаги шеърларни таржима қилиш маҳорати, “Бобурнома”нинг қирғиз тилига ўгирилиши ҳамда қозоқ шеъриятини ўзбек тилига таржима қилиш тажрибалари ҳақидаги маърузалар тингланди. Бу чиқишлар халқларни бирлаштирувчи умумий маънавий меросни англаш ва уни асраб-авайлаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳоланди.
Назокат Усмонова, Аҳмаджон Тўраев (сурат), ЎзА