Пандемиядан сўнг Европа авиакомпанияларини нималар кутмоқда?
Маълумки, коронавирус пандемияси туфайли дунёда фуқаро авиацияси чуқур инқирозни бошдан кечиряпти. Қатор йирик авиакомпаниялар бунинг оқибатларини юмшатиш мақсадида кескин чораларга қўл уришга ҳам мажбур бўлмоқда, деб ёзади “Евроньюс“ манбаси.
Маълумки, коронавирус пандемияси туфайли дунёда фуқаро авиацияси чуқур инқирозни бошдан кечиряпти. Қатор йирик авиакомпаниялар бунинг оқибатларини юмшатиш мақсадида кескин чораларга қўл уришга ҳам мажбур бўлмоқда, деб ёзади “Евроньюс“ манбаси.
Масалан, “British Airways” ишчи-ходимлари сонини қарийб учдан бир қисмини қисқартириб юборишга тайёргарлик кўраётир. Бу 12 минг инсон ишсиз қолади деганидир.
Исландиянинг “Icelandair” компанияси эса икки минг ходимини ишдан бўшатишга мажбур бўлди. “SAS” (Скандинавия ҳаво йўллари)нинг беш минг ишчиси кўчада қолди.
Реструктуризация бўйича бу каби чоралар авиаташувлар тармоғидаги талаб барқарорлашиб, 2019 йилдаги даражага қайтмагунча давом эттирилади. Экспертларнинг фикрича, бунинг учун бир неча йил кетиши мумкин.
Хўш, мамлакатлар карантиндан чиқиб, чегараларини очгандан сўнг, авиакомпаниялар фаолиятида нималар ўзгаради?
“SAS” раҳбари Рихард Густафсоннинг сўзларига кўра, ижтимоий масофалашув назарда тутилган янги қоидалар худди ердагидек ҳавода ҳам ўрнатилади, йўловчиларни самолётга чиқариш ва тушириш жараёнлари, самолётларни тозалаш ҳамда уларга ишлов бериш тизимлари тубдан кўриб чиқилиб, ўзгартирилади, тартибга солинади.
“Энг муҳими, бу борада умумий дунё стандартлари бўйича келишувга эришишдир. Мана, мени нима айнан хавотирга соляпти. Агар ҳар бир давлат ўзининг нормаларини жорий этадиган бўлса, халқаро ташувларни амалга ошириш деярли имконсиз бўлиб қолади“.
“EasyJet” бюджет авиакомпанияси раҳбарияти эса парвозлар қайта тикланганидан сўнг лайнернинг ўрта қисмидаги ўриндиқларни бўш қолдириш, йўловчиларни эса ойналар ва ўтиш жойлари яқинига жойлаштиришни режалаштирмоқда.
Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси бу ҳолат нархларнинг “сакраши“га олиб келиши мумкин деб ҳисобламоқда.
Бу ҳақда Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси раҳбари Александр де Жуньяк шундай дейди: “Агар биз самолётлардаги ўриндиқларни қисқартирсак, у ҳолда арзон саёҳатларни амалга ошириш имконсиз бўлиб қолади. Шундай экан ё биз учмаймиз, ёки чипталар нархини 50, ёхуд 100 фоизгача оширамиз. Бюджет авиаташувчиларининг мавжудлиги доим индустриямизнинг кучли томони бўлган, чунки бу имтиёзли мижозларни кўпайтиришга эмас, балки кўп одамларга парвоз қилиш имкониятини бериб келади“.
Авиасозлик компаниялари ҳам зарар кўраётганини шу ўринда айтиш жоиз. Масалан, кўҳна қитъадаги “Airbus” авиакосмик корпорациясининг 2020 йил биринчи чорагида кўрган соф зарари 481 миллион еврони ташкил этди.