“Ўзсувтаъминот”АЖ: дебитор қарздорлик ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоизга камайтирилди
Жорий йилнинг ўтган даврида Республика бўйича ичимлик суви ва оқова сув тармоқларидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 6 минг 447 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 103,4 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилган. Бу ҳақда “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Таъкидланганидек, аҳоли орасида тўлов интизомини мустаҳкамлаш, марказлашган ичимлик суви ва оқова сув хизматларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида назорат органлари билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Аниқланган қонунбузарликлар юзасидан белгиланган тартибда чоралар кўрилиб, етказилган зарарларни қоплаш ишлари давом этмоқда. Ҳозирга қадар 22,3 миллиард сўмлик зарар ундирилган.
Брифингда қайд этилганидек, сув таъминоти ва оқова сув тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Шу боис истеъмолчилар ўртасида тўлов маданиятини юксалтириш ва қонунчилик талабларига риоя этишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишлари изчил давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, аҳоли учун замонавий электрон тўлов хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилган.
Қарздорликларни қисқартириш борасида ҳам муайян натижаларга эришилган. Жорий йилда 68,7 минг нафар қарздор истеъмолчи бўйича 196,8 миллиард сўмлик даъво аризалари фуқаролик ва иқтисодий судларга ҳамда нотариусларга киритилган. Ҳисобот даврида қарздорлиги мавжуд 20 минг нафар жисмоний ва юридик истеъмолчининг сув таъминоти вақтинча тўхтатилган.
Брифингда рақамлаштириш соҳасидаги янгиликларга ҳам тўхталиб ўтилди. Мажбурий ижро бюроси билан ҳамкорликда ишга туширилган “Рақамли сув таъминоти” платформаси орқали ичимлик суви ва оқова сув хизматлари бўйича ижро ҳужжатлари нотариус томонидан 24 соат ичида автоматик тарзда расмийлаштирилмоқда. Бу эса қарздорликларни мажбурий ундириш муддатини 60 кундан 35 кунгача қисқартириш имконини берди.
Амалга оширилган чора-тадбирлар самарасида истеъмолчиларнинг дебитор қарздорлиги ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 252 миллиард сўмга, яъни 31 фоизга камайтирилди.
Брифингда таъкидланганидек, йил якунига қадар соҳада қонунбузарликларнинг олдини олиш, тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш ҳамда аҳолини сифатли ичимлик суви ва оқова сув хизматлари билан таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилади.
Шунингдек, фуқаролар сув таъминоти ва канализация тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари ҳақида “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамиятининг 55 503-10-55 ишонч телефони ёки жамиятнинг расмий ижтимоий тармоқлари орқали хабар бериши мумкин.
Нилуфар Бозорова, ЎзА