“Ўзсувтаъминот” АЖ: ходимлар малакаси оширилмоқда
“Ўзсувтаъминот” АЖ ичимлик суви таъминоти ва оқова сув хизматлари соҳасида мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, замонавий “ақлли” технологияларни қўллаш, илғор бошқарув усулларини жорий этиш бўйича кўникмаларни шакллантириш ҳамда кадрлар салоҳиятини оширишга алоҳида аҳамият қаратмоқда.

Кадрлар тажрибасини оширишга қаратилган навбатдаги ўқув-семинар “Тошкент шаҳар сув таъминоти” МЧЖнинг ўқув-тренинг марказида бўлиб ўтди. “Республика ва вилоятлар бўйсунувидаги шаҳарлар ичимлик суви таъминоти тизимларида сув босимини бошқариш (гидравлика) тизимини такомиллаштириш ҳамда геоахборот тизимини жорий этиш” мавзусида бўлиб ўтган ўқув-семинарида ходимларнинг геоахборот тизимини жорий этиш масалалари бўйича малакаси оширилди.
Ундан кўзланган мақсад ҳудудий сув таъминоти корхоналари ходимларининг маълумотларни тезкорлик билан йиғиш, рақамлаштириш жараёнлари бўйича малакасини ошириш, ўзаро тажриба ва билим алмашиш ҳамда олинган кўникмаларни амалиётда қўллашдан иборатдир.

Шунингдек, семинар давомида “Ўзсувтаъминот” АЖ мутахассислари томонидан иштирокчиларга геоахборот тизимлари билан боғлиқ асосий тушунчалар, тизимни шакллантириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий асослар ҳақида батафсил маълумот берилди. Тошкент вилояти Чирчиқ ва Нурафшон шаҳарлари мисолида геоахборот тизимини шакллантириш жараёни, мазкур йўналишдаги мавжуд муаммо ҳамда камчиликлар тўғрисида тўхталиб ўтилди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА