Қозон шаҳрида “Ўзбек киноси кунлари” бўлиб ўтади
Жорий йилнинг 4-6 декабрь кунлари Татаристоннинг Қозон шаҳрида “Ўзбек киноси кунлари” бўлиб ўтади.
Жорий йилнинг 4-6 декабрь кунлари Татаристоннинг Қозон шаҳрида “Ўзбек киноси кунлари” бўлиб ўтади. Тадбир доирасида “Ўзбеккино” миллий агентлиги буюртмасига биноан суратга олинган “101”, “Сумбул”, “Парвоз” фильмлари намойиш этилади.
Бу ҳақда Агентлик ахборот хизмати хабар берди.
“Ўзбек киноси кунлари”да илк премьераси бўлиб ўтадиган “Сумбул” картинаси Ўзбекистон – Татаристон ҳамкорлигида постановкачи режиссёрлар Рашид Маликов ҳамда Рамиль Фазлиев томонидан суратга олинган. “101” бадиий фильмида (режиссёр Ҳамидулла Ҳасанов) Иккинчи жаҳон урушида катнашган ўзбекистонлик 101 та жангчининг қаҳрамонона ва фожиали тақдири кўрсатилади. “Парвоз” фильми эса (режиссёр Илҳом Муҳаммадиброҳимов) йигит ва қизнинг пок муҳаббати, унинг атрофидаги тубанликлар ва хиёнатга учраган дўстлик ҳақида ҳикоя қилади.