“Ўзмиллийбанк”АЖ: янгича тизим, янгича ёндашув самаралари
Мамлакатимизда янги иқтисодий ривожланиш босқичида хизматлар соҳасини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу боисдан 2021-2022 йилларда сервис тармоғининг камида 50 фоизга ўсишини таъминлаш бўйича 2021 йилда “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда 2022 йилда “Хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги ҳуқуқий, молиявий ва ташкилий жиҳатдан муҳим қарорлар қабул қилинди.
Мазкур қарорлар хизматлар соҳасини янада кенгайтириш, тармоқдаги кичик корхоналар ва микрофирмаларни имтиёзли кредитлаш, тадбиркорларга имтиёзли солиқ ставкаларини жорий этиш, бизнесни ривожлантириш учун инфраструктураларни яхшилаш учун етарлича рағбат бўлди.
Тошкент шаҳрида хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича 2021 йилда масъул банк сифатида “Ўзмиллийбанк” акциядорлик жамияти бириктирилди. Банк ташаббускорлиги ва бошқа тижорат банкларининг молиявий қўллаб-қувватлаши туфайли ўтган давр мобайнида пойтахтнинг хизматлар соҳасидаги натижалари янада яхшиланди. Жумладан, тадбиркорлар томонидан шу кунга қадар жами 327,3 триллион сўмлик хизматлар кўрсатилди. Хизматлар ҳажми 2022 йилга нисбатан 1,7 баробарга ўсди. Шунингдек, яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми 2,4 баробарга, молия, суғурта, алоқа-ахборотлаштириш, соғлиқни сақлаш ва таълим хизматлари ҳажми 1,8 баробарга ошган. Аҳоли жон бошига кўрсатилган хизматлар ҳажми эса 1,6 баробарга ўсиб, 47,2 миллион сўмга етказилган.
“Ўзмиллийбанк” АЖ ташаббуси билан Тошкент шаҳри бўйича 26,7 мингта тадбиркорларнинг сервис тармоғидаги лойиҳалари қўллаб-қувватланиб, уларга тижорат банклари томонидан жами 46,1 триллион сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Бундан ташқари, ўтказилган чора-тадбирлар натижасида фаолиятини норасмий сектордан расмий секторга ўтказиш орқали ўтган даврда хизматлар соҳасидаги 157 минг нафар фуқароларнинг бандлиги легаллаштирилди. Шу билан бирга, соҳада ўтган давр мобайнида 167 минг нафар фуқароларнинг ўзини-ўзи банд қилишига эришилди.
Ўзмиллийбанк томонидан хизматлар соҳасини қўллаб-қувватлаш борасида ўтган 6 ой давомида бир қатор истиқболли лойиҳалар ишга туширилди. Хусусан, мамлакатимизда хусусий Олий таълим муассасалари сони йил сайин кенгайиб бораётгани фикримизга қувват. Биргина ўтган 2022 йил давомида 8 нодавлат олий таълим ташкилоти фаолият бошлаш бўйича лицензияга эга бўлган. Улар орасида Бектемир туманида жойлашган "PROFI UNIVERSITY" ҳам бор. Ушбу таълим даргоҳининг фаолият бошлаши Олий таълимда сифат ва рақобат муҳитини ошириш билан бирга, туманнинг хизматлар соҳасидаги имкониятларини кенгайтиришга замин яратади. Лойиҳа қиймати 20 миллиард.сўм бўлган мазкур Олий таълим масканида бугун талабалар педагогика ва менежмент йўналиши бўйича таҳсил олмоқда.
– Бизни университетимизни Тошкент ва Навоий шаҳри филиаллари бор. Таълим даргоҳимизда 13 йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлаймиз. Асосийси, талабалар учун барча зарур шароитлар яратилган. Шунингдек, талабалар бу ерда давлат гранти асосида ўқиб, университет томонидан бериладиган стипендияларни олиш имкониятига эга. Ҳозирги кунда Олий таълим муассасамизда 5000 дан ортиқ талаба ўқимоқда. Қолаверса, университетимиз хориж давлатларидаги нуфузли Олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда иш олиб боради. Ундаги қўшма дастурларимиз орқали хорижлик профессорлар бизнинг филиалларга келиб таълим берса, бизнинг ўқитувчилар чет элда билим ва малакасини ошириб, тажриба ўрганиб қайтмоқда, – дейди "PROFI UNIVERSITY" қабул комиссияси раиси Жамшид Баротов.
Бектемир туманида хизматлар йўналишида тиббиёт соҳасида ҳам истиқболли лойиҳа амалга оширилди. Ҳусайн Бойқаро кўчасида жойлашган "HEALTHY HEART HOSPITAL" хусусий клиникаси кардиология, неврология, эндокрин касалликлар билан оғриган беморларга юқори сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу ерда нафақат тезкор ташхис орқали даволаш, юракни стендлаш муолажалари ҳам йўлга қўйилган. Умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган ушбу лойиҳанинг ишга тушиши натижасида марказда 50 дан ортиқ шифокор ва ҳамшираларнинг бандлиги таъминланишига эришилди.
– Иш фаолиятимизнинг бошланишида 70 фоиз ўз маблағимиз ҳисобидан бўлса, 30 фоиздан ортиқ маблағ “Ўзмиллийбанк” АЖ нинг Бектемир туманига қарашли филиалидан кредит сифатида ажратилди. Айни пайтда клиникамизда 60 нафар бемор стационар даволанадиган ўрин ва иккита жарроҳлик блоки мавжуд. Муассаса барча замонавий тиббий ускуналар: УЗИ, 3Д, 4Д , лазер аппаратлари билан жиҳозланган. Бектемир тумани водий томонга яқин масофада бўлгани боис, нафақат пойтахтдан, шунингдек, водийдан ҳам беморлар мурожаат этади. Қолаверса, қўшни республикалар Тожикистон, Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳам беморларнинг даволаниб кетишига шароит яратганмиз, – дейди клиника раҳбари Абдувоҳид Собиров.
Бир сўз билан айтганда, бугун тумандаги сервис тармоғи ривожида Ўзмиллийбанк томонидан ажратилаётган имтиёзли кредитлар тадбиркорлар ҳамда ишбилармонлар учун айни муддао бўлмоқда. Бу ҳам янги иш ўринлари вужудга келиши, ҳудуднинг ижтимоий, ҳам иқтисодий инфраструктураси учун ижобий хизмат қилмоқда.
“Ўзмиллийбанк” АЖ
Матбуот хизмати
ЎзА