Халқаро тажриба — миллий таълим тараққиёти омили
Мамлакатимизда олий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, профессор-ўқитувчилар ва ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ошириш, илм-фан ва таълим интеграциясини кучайтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 10 апрелдаги “Олий таълим, фан ва инновациялар тизимини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Мазкур ҳужжатда олий таълим муассасаларида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, профессор-ўқитувчиларнинг хорижий таълим муассасаларида малака ошириши, талабаларнинг академик мобиллигини қўллаб-қувватлаш ҳамда таълим жараёнига илғор хорижий тажрибаларни татбиқ этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Айни шу вазифалар ижроси доирасида Жиззах давлат педагогика университетининг 22 нафар профессор-ўқитувчиси Малайзиянинг “Universiti Utara Malaysia” университетида ташкил этилган малака ошириш курсларида иштирок этмоқда. 11–25 май кунлари давом этадиган ушбу дастур доирасида иштирокчилар замонавий педагогик технологиялар, таълим менежменти, илмий тадқиқотларни халқаро даражада ташкил этиш, мақолаларни нуфузли илмий журналларда чоп этиш, таълим сифатини баҳолаш ҳамда инновацион ўқитиш методикалари бўйича амалий билим ва кўникмаларни мустаҳкамламоқда.

Эътиборли жиҳати, малака ошириш жараёни назария билан чекланиб қолмаяпти. Дастурнинг дастлабки кунидаёқ жиззахлик педагоглар Малайзиянинг илмий, маданий ва шаҳарсозлик тажрибаси билан яқиндан танишди. Улар Куала-Лумпур шаҳридаги “Petronas Twin Towers”, “Putrajaya” ва “Merdeka Square” каби мамлакат тараққиёти рамзига айланган масканларда бўлиб, инновацион инфратузилма ва бошқарув тажрибасини ўргандилар.

Шу билан бирга, университетнинг магистратура ва бакалавриат босқичида таҳсил олаётган бир гуруҳ талабалар Туркиянинг “Necmettin Erbakan University”да халқаро стажировка дастурида иштирок этишмоқда. Унда талабалар замонавий таълим технологиялари, илмий-тадқиқот методологияси, академик мобиллик тизими ва рақамли таълим муҳити бўйича амалий тажриба орттиришмоқда. Хорижлик профессор-ўқитувчилар билан ўтказилаётган очиқ мулоқотлар ва илмий-амалий машғулотлар эса уларнинг касбий дунёқараши ва илмий салоҳиятини янада бойитишга хизмат қиляпти.

Бугун хорижда малака ошираётган профессор-ўқитувчи ва талабалар олдига юксак талаблар қўйилмоқда. Улар эгаллаган билим ва тажрибани таълим жараёнига самарали татбиқ этиши, янги ўқитиш методикаларини жорий қилиши, халқаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириши, илмий фаолликни ошириши ҳамда олий таълим муассасасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга ҳисса қўшиши лозим.
Зеро, бугун таълим соҳасидаги рақобат нафақат моддий база, балки интеллектуал салоҳият, халқаро тажриба ва инновацион ёндашувлар билан ҳам белгиланмоқда. Жиззах давлат педагогика университетида амалга оширилаётган бундай тизимли ишлар эса миллий таълимни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири