“Ўзмиллийбанк” АЖ да “Welcome training” ташкил этилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 31 октябрдаги “Банк-молия соҳасида кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-4503 сони Қарори ижросини таъминлаш ҳамда банк тизимига янги қабул қилинган ходимларни соха бўйича кўникмаларини шакллантириш мақсадида “Ўзмиллийбанк” АЖ Ходимлар билан ишлаш департаменти ҳамда Ўқув банки ташаббуси билан жорий йилнинг 20-21 январь кунлари “Welcome training” ташкил этилди.
Тадбирда “Ўзмиллийбанк” АЖ тизимида ишга янги қабул қилинган ходимларга банкнинг ташкилий тузилмаси, бошқарув органлари, асосий фаолияти ва мақсад вазифалари, истиқболдаги стратегик режалари, зарур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг аҳамияти тўғрисида тушунча берилди.

Семинарни барча тингловчилар учун юқори савияда ташкил этиш мақсадида банкнинг республика Бош офисида фаолият олиб бораётган тажрибали, етук мутахассислардан иборат тренерлар жамоаси олиб борди. Тадбирда банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳридаги филиалларида меҳнат қилаётган 177 нафар ходим иштирок этди.
“Ўзмиллийбанк” АЖ Матбуот хизмати
ЎзА