“Ўзлик” лойиҳаси тақдимоти ўтказилди
«Ренессанс» кино уйида Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Oyina.uz сайти томонидан ташкил этилган “Ўзлик” лойиҳаси тақдимоти ва унинг доирасида илк маърузалар бўлиб ўтди.
Тадбирда эътироф этилганидек, ҳар бир халқнинг кучи аввало, унинг ўз тарихини, маданиятини, санъатини, умуман айтганда, ўзлигини англаши билан белгиланади.

“Ўзлик” курси айнан шу мақсадга хизмат қилади — халқимизнинг бой маънавий мероси, тарихи, тили ва маданиятини кенг жамоатчиликка етказиш, айниқса, ёш авлоднинг миллий ўзлик ҳақидаги билимларини мустаҳкамлашга қаратилган.
Лойиҳа доирасида беш ой давомида тарих, фольклор, адабиёт, тил, драматургия ва фалсафа йўналишларида қизиқарли ҳамда мазмунли семинарлар ташкил этилади.

Ушбу дарсларни ўз соҳасининг етук мутахассислари ва таниқли олимлари — Ғайбулла Бобоёр, Феруза Жуманиёзова, Баҳром Ирзаев, Шомирза Турдимов, Нигора Каримова, Анвар Бўронов, Жўра Худойберди ва Санобар Тўлаганова олиб боради. Уларнинг билим ва тажрибаси иштирокчиларга янги қарашлар, чуқур билим ва илҳом бағишлаши кутилмоқда.
Замонавий имкониятлардан келиб чиқиб, семинарлар кенг аудиторияни қамраб олиши учун барча дарслар видеоёзувга олинади ва Oyina.uz платформасининг YouTube каналига жойлаштириб борилади. Шу тариқа жонли машғулотларда қатнашиш имконияти бўлмаганлар ҳам дарсларни исталган вақтда кўриш имконига эга бўлади.

Бундан ташқари, жойлаштирилган видеолар асосида ҳар ойда бир маротаба Oyina.uz платформаси орқали қисқа тестлар ва маърифий викториналар ташкил этилади. Бу иштирокчиларнинг ўзлаштирган билимларини мустаҳкамлаш ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.
Лойиҳа якунида энг юқори натижаларни қайд этган иштирокчилар рағбатлантирилади. Хусусан, биринчи ўрин соҳибига Туркия бўйлаб саёҳат, иккинчи ўрин эгасига Боку шаҳрига саёҳат, учинчи ўрин ғолибига эса юртимизнинг диққатга сазовор масканлари бўйлаб саёҳат совға қилинади. Шунингдек, ҳар ой якунида энг фаол ва юқори натижа кўрсатган иштирокчилар пул мукофотлари билан тақдирланади.
“Ўзлик” курси — тарихимизни англаш, маданиятимизни чуқурроқ билиш, аждодларимиз қолдирган бебаҳо меросни ўрганиш ва келажак авлодларга етказиш йўлидаги муҳим қадамдир. Ушбу лойиҳа давомида ёшлар олган билимлар нафақат шахсий ривожланишга, балки жамиятнинг маънавий тараққиётига ҳам хизмат қилади.
Биринчи сабоқ “Ўтмиш ва бугунни англаш — тарих нега керак?” мавзусига бағишланди. Ушбу машғулотни таниқли этнограф, тарихчи олим, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Элдор Асанов олиб борди.
Суҳбат давомида миллий тарихни англаш ва ўзликни англаш тушунчалари ўзаро уйғун эканига алоҳида эътибор қаратилди.
Н.Усмонова, ЎзА