Истеъдодлар ардоқланган юрт
Пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тасарруфидаги таълим ташкилотларининг йиллик ҳисобот концерти бўлиб ўтди.
Юртимизда маданият ва санъат йўналишидаги таълим муассасалари соҳа учун юқори малакали кадрлар тайёрлашда муҳим ўрин тутади.

Маданият вазирлиги маълумотларига кўра, сўнгги йилларда вазирлик тизимида таълим муассасалари сони ортиб бормоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институти ва Ботир Зокиров номидаги Миллий эстрада санъати институти фаолияти йўлга қўйилган.
Шунингдек, Тошкент давлат миллий рақс ва хореография олий мактаби Ўзбекистон давлат хореография академияси этиб қайта ташкил қилинди. Унинг Урганч филиали, шунингдек, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамда Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиаллари ташкил этилди.

Рақс, мақом, опера ва бахшичилик санъати йўналишларида ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолияти кенгайтирилди. Шу билан бирга, бир қатор ҳудудларда ушбу йўналишларга ихтисослашган мактаб-интернатлар иш бошлади.
Ҳудудларда болалар мусиқа ва санъат мактаблари тармоғи ҳам кенгайиб бормоқда. Шунингдек, таълим жараёнида миллий мусиқий меросни ўргатишга қаратилган фанлар жорий этилди.

Тадбирда миллий мақом санъатини ривожлантириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижодий салоҳиятини ошириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юксак натижаларни бераётгани яна бир карра намоён бўлди.
Концерт дастурида истеъдодли ўқувчи ва талабалар иштирокида мусиқий-бадиий чиқишлар намойиш этилди.
Н.Усмонова, ЎзА