Озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари – Ишчи гуруҳ эътиборида
Президентимизнинг 2025 йил 31 октябрдаги "Аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорида гўшт, сут, тухум, балиқ, ўсимлик ёғи ва картошка каби асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, чорвачилик хўжаликларининг озуқа базасини тубдан яхшилаш, уларнинг фаолиятини кенгайтириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ва нархлар барқарорлигини сақлаш бўйича муҳим топшириқлар белгиланган.
Ўзбекистон Фермерлари кенгаши бўлим бошлиғи Барно Мирзамова бошчилигидаги Республика Ишчи гуруҳи ушбу ҳужжат ижроси доирасида Наманган вилоятининг Мингбулоқ ва Наманган туманларида бўлиб, енгил типдаги чорва комплексларини ташкил этиш ишлари билан танишди.

Ўрганишлар давомида фермер хўжаликларида яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш, дала четларида чорвачилик объектларини ташкил этиш, қурилиш ишларини белгиланган талаблар асосида амалга ошириш ҳамда имтиёзли кредит ва бошқа қўллаб-қувватлаш механизмларидан унумли фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Ишчи гуруҳ томонидан фермерларга амалий тавсиялар айтилди. Мавжуд муаммолар юзасидан масъуллар билан муҳокамалар ўтказилди. Қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали ижросини таъминлаш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.
Бундан ташқари, Ишчи гуруҳи Чортоқ туманидаги фермер хўжаликларида агротехник тадбирларнинг боришини жойига чиққан ҳолда ўрганди. Унда ғўза парвариши, такрорий экинларни парваришлаш, ерлардан самарали фойдаланиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишлар таҳлил қилинди.

Жумладан, “Шарофат Дилором Хошим”, “Пешқўрғон Худоёри”, “Мучум якка чинори”, “Олимжон Абдували Абдуғани”, “Шуҳрат Баҳром Қозим” сингари фермер хўжаликларида такрорий экилган картошка ва бошқа экинлар ҳолати, шунингдек, пахта майдонларида амалга оширилаётган агротехник ишлар кўздан кечирилди. Айрим майдонларда ғўзага дронлар орқали ишлов бериш жараёнлари ҳам ўрганилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари фермерлар билан мулоқот қилиб, экинларни ўз вақтида суғориш, озиқлантириш, зараркунанда ва касалликларга қарши курашиш, ғўза парваришини агротехник талаблар асосида ташкил этиш бўйича зарур тавсиялар берди.

Бундай ўрганишлар жойларда чорвачиликни ривожлантириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, такрорий экинлардан мўл ҳосил етиштириш ҳамда мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири