Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича муҳим лойиҳа муҳокамага қўйилди
Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашда давлат органлари, бизнес ва жамоатчилик ўртасидаги мулоқотни кучайтиришга қаратилган Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги масалалари бўйича маслаҳат кенгаши тўғрисидаги Низом лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 12 майдаги “Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида ягона давлат бошқаруви ва назорат тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонининг 11-бандида Маслаҳат кенгашини ташкил этиш топшириғи берилган. Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Маслаҳат кенгаши ташкил этилмоқда.
Лойиҳага кўра, Кенгаш озиқ-овқат хавфсизлиги, фитосанитария ва ветеринария соҳаларида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи бўлади. Унинг асосий вазифаларидан бири — соҳадаги долзарб масалаларни манфаатдор томонлар иштирокида муҳокама қилиш ва амалий таклифлар ишлаб чиқиш.
Кенгаш озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги норматив ҳужжатларни халқаро талабларга мослаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади. Хавфларни бошқариш ва инспекция амалиёти самарадорлигини оширишга кўмаклашади. Янги турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, озиқ-овқат қўшимчалари, ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари ва ветеринария препаратларини рўйхатга олиш билан боғлиқ масалаларни ўрганади. Соҳа муаммоларини идоралараро муҳокама қилишни ташкил этади. Давлат органлари ва озиқ-овқат соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўяди.
Кенгаш таркибига давлат органлари билан бир қаторда озиқ-овқат бизнеси вакиллари, тадбиркорлик субъектлари ва уларнинг бирлашмалари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, ННТлар, илмий ва академик муассасалар, мувофиқликни баҳолаш органлари, шунингдек, ОАВ ва блогерлар киритилиши назарда тутилмоқда.
Бу ёндашув соҳада қарорлар қабул қилишда экспертлар, бизнес ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш учун очиқ мулоқот майдони яратиши билан аҳамиятли.
Ҳужжат ҳозирча лойиҳа мақомида. У жамоатчилик муҳокамасидан ўтиши жараёнида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида такомиллаштирилиши мумкин, дейилади Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси хабарида.
М.Қосимова, ЎзА