Келажак элчилари маскани
Ҳар куни эрталаб Тошкентнинг бир гўшасида, баланд дарвозалардан ичкарига кирар эканман, ўзимни оддий ўқувчи эмас, балки келажакда мамлакатимнинг манфаатларини дунё майдонида ҳимоя қиладиган ёш дипломат сифатида ҳис қиламан.
Бу маскан - Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейи. Менинг иккинчи уйим, орзуларим мактаби ва ҳаётимдаги энг яхши кўмакчим. Аввало шуни айтиш керакки, таълим шунчаки китоб ва маърузалардан иборат қуруқ ёдлаш жараёни эмас, таҳлил ва мулоҳазага ундаш механизмидир.
Айниқса, глобал ўзгаришлар ва шиддатли глобаллашув даврида таълим муассасаси ёшларга фақат билим берибгина қолмай, уларнинг дунёқарашини шакллантирувчи, таҳлилий фикрлашини ўстиришга хизмат қилувчи муҳит вазифасини ўташи керак. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейидаги таълим тизими ва ўқувчилар ҳаёти айнан шундай замонавий талабларга тўлиқ жавоб бера оладиган платформага айлана олган.

Давлат ва жамият тараққиёти бевосита стратегик фикрлайдиган, масъулиятни ўз зиммасига ола биладиган ва дипломатик мулоқот маданиятига эга кадрлар билан боғлиқ. Лицейимизда яратилган шароитлар ва таълим формати ўқувчиларда нафақат Ўзбекистондаги, балки жаҳоннинг энг нуфузли олийгоҳларида таҳсил олиш учун етарли бўлган академик ва амалий тайёргарликни шакллантиради. Ҳар бир ўқувчи ўзининг қизиқиши ва келажак мақсадларидан келиб чиққан ҳолда муайян йўналиш бўйича чуқурлаштирилган билим олиши ҳамда амалий тажриба орттириши мумкин.
Бироқ, ЖИДУ академик лицейининг энг катта афзаллиги - шунчаки кучли академик дастурда эмас, балки ўқувчиларни ўз-ўзини бошқариш тизимининг ноёб моделида намоён бўлади. Лицей ичида ҳақиқий давлат бошқаруви ва демократия тамойилларини акс эттирувчи ўзига хос ижтимоий-сиёсий муҳит йўлга қўйилган. Ўқувчилар тенгдошлари билан бирлашиб, шахсий сиёсий партияларини тузиш имкониятига эга. Йил давомида бу партиялар лицей ҳаётини янада такомиллаштириш, қулайликлар яратиш ва тенгдошларининг муаммоларига ечим топишга қаратилган турли лойиҳалар ва ташаббусларни илгари суради.
Муассасамизда анъанавий тарзда ўтказиладиган адолатли овоз бериш жараёни ва лицей президенти сайловлари шунчаки расмиятчилик эмас, балки ҳақиқий лидерлик ва масъулият синовидир. Ўқувчилар ишончини қозонган, энг кўп самарали лойиҳаларни амалга оширган ва натижа кўрсатган партия ғолиб бўлади.
Бу тизим ўқувчиларда ёшликданоқ жамоада ишлаш, дипломатик мулоқот олиб бориш, креатив ечимлар таклиф этиш ва, энг муҳими масъулиятли лидер бўлиш фазилатларини тарбиялайди. Шунингдек, ушбу амалий тажриба хорижнинг топ университетларига ҳужжат топшираётган абитуриентлар учун салмоқли ва рақобатбардош портфолио вазифасини ўтайди. Инсон капиталини ривожлантиришда жисмоний ва руҳий саломатлик мувозанати ҳам муҳим ўрин тутади.
Шуни англаган ҳолда, лицейимизда ўқувчиларнинг ҳар тарафлама камол топиши учун барча шароитлар яратилган. Замонавий спорт заллари, спорт анжомлари ва стадион ўқувчиларда соғлом турмуш тарзини шакллантирса, бўш вақтларда сайр қилиш ва фикрни жамлаш учун барпо этилган табиий яшил маконлар руҳий ҳордиқ чиқариш ва ижодий фикрлаш учун қулай муҳит беради.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети академик лицейи эртанги куннинг дипломатлари, халқаро даражадаги иқтисодчилари ва тараққиёт етакчиларини етиштириб берувчи инновацион лаборатория. Бу маскан инсонни юксалтирувчи барча ижобий фазилатларни ўзида мужассам этган, десам муболаға бўлмайди.
Беҳрузбек Ибрагимов,
ЖИДУ академик лицейи ўқувчиси
ЎзА