Ўзини ўзи банд қилганлар учун ижтимоий солиқ мажбурий бўлиши мумкин
2027 йил 1 январдан ўзини ўзи банд қилган шахслар учун йилига 440 минг сўм миқдорида ижтимоий солиқ жорий этилиши таклиф этилмоқда. Бу тоифадаги фуқароларга меҳнат стажини шакллантириш, келгусида пенсия олиш ҳамда давлат ижтимоий суғуртаси доирасида нафақалардан фойдаланиш имконини беради.
Иқтисодиёт ва молия вазирлиги пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилишга қаратилган Президент фармони лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасига тақдим этди. Лойиҳага кўра, 2027 йилдан ўзини ўзи банд қилган шахслар учун БҲМнинг бир баравари — 440 минг сўм миқдорида мажбурий ижтимоий солиқ тўлаш тартибини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Айни пайтда ўзини ўзи банд қилганлар ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда тўлайди. Янги тартибда эса ушбу тўловни йил давомида бўлиб-бўлиб амалга ошириш имкони берилади. Бунда ойига тахминан 36,6 минг сўмдан тўлаш мумкин бўлади.
Таклиф этилаётган тартибнинг асосий мақсади — ўзини ўзи банд қилган фуқароларни давлат ижтимоий суғуртаси тизимига қамраб олиш. Улар томонидан тўланган ижтимоий солиқнинг 10 фоизи Давлат ижтимоий суғурта жамғармасига йўналтирилади. Бунинг натижасида фуқаронинг меҳнат стажи шакллантирилади ва келгусида пенсия олиш ҳуқуқи таъминланади.
Шунингдек, белгиланган тартибда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳамда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси маблағлари ҳисобидан олиш имконияти пайдо бўлади.
Бундан ташқари, расмий даромадга эга фуқароларга ишламайдиган оила аъзолари учун ихтиёрий равишда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда. Бу орқали уларнинг ҳам меҳнат стажи ва келгусида пенсия олиш ҳуқуқи шакллантирилади.
Лойиҳада бундан ташқари, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинлашда ушбу ёш тоифасига кирувчи фуқароларнинг расмий даромади мавжудлиги ҳисобга олинмаслиги таклиф этилмоқда.
Яна бир муҳим таклиф — 2030 йил 1 январдан корхона ва ташкилотларга ижтимоий солиқ бўйича амалдаги имтиёзларни бекор қилиш. Янги имтиёзлар ҳам жорий этилмаслиги белгиланмоқда. Ҳозирда ижтимоий солиқнинг умумий ставкаси 12 фоизни ташкил этади.
Таъкидлаш жоиз, юқоридаги ўзгартишлар ҳозирча қонунчиликка киритилган якуний нормалар эмас.
Лойиҳа жамоатчилик муҳокамасига 30 сентябрга қадар давом этади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА