Ҳожатхона хизмат турига кирмайдими?
Сарлавҳани ўқиб, энди айтилмаган мавзу шу эди, дейишга шошилманг. Тўғри, бу мавзуни кўтариш балки кулгилидир.
Сарлавҳани ўқиб, энди айтилмаган мавзу шу эди, дейишга шошилманг. Тўғри, бу мавзуни кўтариш балки кулгилидир.
Жамиятимизда бундан-да катта ечимини кутаётган муаммолар бисёр. Аммо катта кўнгилсизликлар ҳам кичик хатолардан бошланади.
Овқатланиш жойларига борганда, кўпчилигимиз ҳожатхона пулли бўлса, индамасдан 1000-2000 пул тўлаганмиз. Ҳа, албатта ҳеч ким бу пулга тортишиб ўтирмайди. Аммо аслида мантиқий ўйлаб қаралса, ҳожатхона хизмат турига киради.
Бугун дунёда истеъмолчиларни жалб қилиш, аудиторияни ушлаб қолиш мақсадида товар эгалари барча қулай шароитларни истеъмолчиларга етказиб бераётганда, харидорнинг чўнтагидаги чақасигача қоқиб олишимиз кулгили эмасми?
Айтайлик, камида юз кишига мўлжалланган кафеда, ҳожатхона пуллик бўлса, ўртача кунлик ташриф буюрувчилар сони беш юздан ошиб кетади.
Кафе ресторанларда барчамиз яхши биламизки, фойда олиш мақсадида ичимликларнинг нархини икки баробар кўтариб сотишади. Энди фойда қиламиз, деб ҳожатхонани ҳам пуллик қилиш инсофданми?
Бу мавзудаги муаммо хаёлимга ҳеч қачон келмасди. Чет элдан келган сайёҳларга таржимон бўлиб, уларга “юртимизда нимадир муаммоларга дуч келсангиз, айтинг”, демаганимча.
8 кишидан ташкил топган кореялик сайёҳлар билан тарихий шаҳарларимиз Бухоро, Самарқанд, Хива шаҳарларида бўлдик. Уларга юртимизнинг тарихи, маданияти ҳақида гапирар эканман, уларнинг юзларида мамлакатимизга бўлган қизиқишнинг ортишини кузатдим. Аммо бу бошқа мавзу.
Ким Леесуел, сайёҳ: – Биласизми, Ўзбекистон мен учун ҳали ўқилмаган китоб эди. Тўғри, Кореяда ҳамкасбларим ичида ўзбеклар ҳам бор. Уларнинг самимийлиги, меҳмондўстлиги ҳар доим ҳайрон қолдирган. Мана юртингизни айланиб, ўз кўзим билан кўриб, Ўзбекистонга меҳрим ортди. Ширин таомлари, тарихий шаҳарлари, меҳмондўст халқи ёқди. Аммо камчиликлар ҳам йўқ эмас. Айниқса йўлларнинг нотекислигидан жуда қийналдик. Шунингдек, мени ҳайратлантирган жиҳат, бу ерда ҳожатхоналарга ҳам пул тўлаш керак экан. Тўғри, ҳаммасида эмас, аммо кўп ерда пул тўладик. Бу яхши эмас. Чунки овқатини сотиб олгандан кейин, ҳожатхона текин бўлиши керак.
Ҳее Юен Сон: – Леесуелни гапларига қўшиламан. Ҳожатхона пуллик бўлмайди-ку. Пул тўладик, аммо сифати яхши эмас. Мен харидорман, менга барча қулайликлар яратилган бўлиши керак. Кореяда рестораним бор. Биз мижозни ресторанимизга яна келиши учун, унга қўшимча совғалар ва акциялар таклиф қиламиз. Агар улар харид чекини сақлаб қўйса, биз беш марта ташриф буюрган мижозимизга чегирмалар берамиз. Бугун жаҳон иқтисодиётида барча тадбиркорлар харидорларни мамнун ҳаракат қилишади. Агар сиз яхши хизмат турини яратиб берсангиз, мижозлар ҳатто бошқа шаҳарлардан сизнинг ресторанингиз учун келишади.
Биз ҳаммамиз кундалик ҳаётимизда истеъмолчимиз. Истеъмолчи сифатида ҳақ-ҳуқуқларимиз ва мажбуриятларимиз ҳам бор. Бугунги кунда тараққиётга интилган ҳар бир давлат кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришга устувор вазифа сифатида қарамоқда.
Бу жараён табиийки инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш, ижтимоий, социал-иқтисодий фаоллигини ошириш, жамиятда манфаатдор мувозанатини таъминлашда муҳим ўрин тутувчи омилдир. Қанча фуқароларга имконият яратиб беришга ҳаракат қилмайлик, аммо ҳали ҳам улар катта муаммо ва тўсиқлардан ташқари, кундалик ҳаётида “вазни камроқ” муаммолар олдида ожизлигича қолмоқда. Хўш, юқоридаги муаммолар биз учун қайси тоифадаги муаммолар сирасига киради?!
Хулоса сиздан...
Қаҳрамон Шерматов
Истеъмолчилар ҳуқуқларини
ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси бош мутахассиси