Ўзгаришлар рақамларда эмас, шаҳар қиёфасида намоён бўлмоқда
Энергетиклар шаҳри Ширинда 56 та кўп қаватли уйни янгилаш учун 48 миллиард сўм маблағ йўналтирилиб, шаҳар инфратузилмаси, спорт ва таълим объектларини ривожлантириш, саноат ишлаб чиқаришини кенгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Жорий йилда «Wang Da Rolling Steel» МЧЖ га 20 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилиб, корхонада 350 та иш ўрни яратилган.
Бу ҳақда оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналист ва блогерлар учун ташкил этилган пресс-тур давомида маълумот берилди. Иштирокчилар шаҳарда амалга оширилаётган ишлар билан жойида танишишди.
Шаҳардаги янгиланишлар, аввало, кўп қаватли уйлар қиёфасида кўзга ташланмоқда. Амир Темур маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги Халқлар дўстлиги кўчасида жойлашган 56 та кўп қаватли уйни янгилаш ишлари Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида уйларнинг ташқи фасадлари замонавийлаштирилиб, базальт қопламаси билан қопланмоқда. Ҳозирга қадар ишларнинг қарийб 60 фоизи бажарилди. Уйлар атрофида ободонлаштириш ишлари олиб борилиб, замонавий ёритиш тизимлари ўрнатилмоқда, аҳоли учун дам олиш жойлари ташкил этилмоқда.
Шаҳар қиёфасини янгилаш билан бирга коммунал хизматлар барқарорлигини таъминлашга ҳам эътибор қаратилмоқда. Айни пайтда Ширин шаҳри узлуксиз табиий газ билан таъминланган бўлиб, тармоқдан 5 минг 712 нафар истеъмолчи фойдаланмоқда. Уларнинг 5 минг 634 нафари аҳоли, 78 нафари улгуржи истеъмчилардир.
[gallery-31531]
Куз-қиш мавсумига тайёргарлик доирасида электр энергияси ва табиий газ тармоқларининг барқарор ишлашини таъминлаш чоралари ҳам кўрилмоқда.
Ёшлар учун спорт инфратузилмасини кенгайтириш мақсадида Ширин шаҳар болалар-ўсмирлар спорт мактабида янги ёпиқ кураш зали қурилмоқда. «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси доирасида барпо этилаётган иншоот учун 1 миллиард 648 миллион сўм маблағ ажратилган.
15х30 метр ўлчамдаги, 100 нафар ёшга мўлжалланган зални жорий йил ноябрь ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Ҳозирда спорт мактабида 1 минг 130 нафар ёш спортнинг турли йўналишларига жалб этилган.
— Янги зал ёшларни спортга янада кенгроқ жалб этиш ва машғулотларни сифатли ташкил қилиш учун қўшимча шароит яратади, — дейди спорт мактаби директори Зафар Тўхтаров.
Таълим соҳасида ҳам инфратузилмани янгилаш ишлари давом этмоқда. 2025 йилда реконструкция қилинган 1-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти 2026 йилда фаолиятини бошлади. 170 нафар болага мўлжалланган муассасада тарбияланувчилар учун зарур шароитлар яратилган.
Шаҳар иқтисодий ҳаётида саноат ишлаб чиқариши алоҳида ўрин тутади. Қарийб 14 гектар ҳудудда жойлашган «Wang Da Rolling Steel» МЧЖ қурилиш соҳаси учун қора металл маҳсулотлари ишлаб чиқаради. Корхонанинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати 200 минг тоннани ташкил этади.
2026 йилнинг январь–август ойларида корхонада 140 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди. Ишлаб чиқаришни ривожлантириш мақсадида жорий йилда 20 миллион АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри инвестиция киритилди. Корхонада 350 та иш ўрни яратилган.
Маҳсулотлар ички бозорга етказиб берилиши билан бирга, уларнинг бир қисми Тожикистонга экспорт қилинмоқда.
Корхона директори Чен Зонг Жианнинг таъкидлашича, лойиҳани амалга ошириш учун Ширин шаҳрида зарур инфратузилма ва шароитлар мавжуд.
Пресс-тур иштирокчилари шаҳар ҳаётининг турли йўналишларига оид объектларда бўлиб, амалга оширилаётган ишлар билан танишишди. Кўп қаватли уйлар, коммунал тармоқлар, спорт ва таълим муассасалари ҳамда саноат корхонасидаги жараёнлар шаҳардаги ўзгаришларнинг асосий йўналишларини кўрсатди.
Тадбир якунида Ширин шаҳар ҳокими Дилфуза Қамбарова иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши, амалга оширилаётган ишлар, мавжуд муаммолар ва келгусидаги вазифалар хусусида атрофлича сўз юритилди.
— Ислоҳотларнинг натижаси, аввало, инсон ҳаётида намоён бўлиши керак. Ширинда амалга оширилаётган ишлар ҳам одамлар учун муносиб шароит яратиш, ёшларни иш билан таъминлаш, оилалар даромадини ошириш ва шаҳарни янада обод қилишга қаратилган. Бугун кўриб танишган ўзгаришлар ҳали бошланиши, холос. Олдимизда қатор вазифалар турибди. Энг муҳими, янгиланишлар нафақат шаҳар қиёфасида, балки ҳар бир оила ва инсон ҳаётида сезилиши керак. Бу борадаги ишларни изчил давом эттирамиз, — деди шаҳар ҳокими.
Пресс-турда журналистлар шаҳар ҳаётининг турли йўналишларига оид саволлар билан масъулларга мурожаат қилишди. Саволларга жавоб бериш асносида мавжуд муаммолар, уларни ҳал этиш чоралари ва келгусидаги режалар хусусида ҳам маълумотлар берилди.
Ғулом Примов,
Умид Обиджонов (сурат) ЎзА