Ўзгаришлар кўчалардан бошланади
Жиззах вилоятининг Арнасой туманида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Маҳалла — инсоннинг кундалик ҳаёти кечадиган, унинг қулайлиги ва фаровонлиги бевосита сезиладиган муҳит. Шу боис бугун ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларига кўча ва йўлларни тартибга келтириш, пиёдалар ҳаракати учун қулайлик яратиш, муҳандислик инфратузилмасини яхшилаш каби муҳим вазифалар уйғунлиги сифатида қаралмоқда.
Арнасой туманидаги маҳаллаларда барпо этилаётган пиёдалар йўлаклари ана шу эҳтиёжнинг амалий ифодасидир. Лотоклар ётқизилиши эса ҳудудлардаги ободонлик ва инфратузилма барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Оддий кўринган бу ишлар аслида аҳолининг ҳар куни фойдаланадиган муҳитини янада қулайлаштиришга қаратилган.
[gallery-31258]
Муҳими, давлат дастурларида белгиланаётган вазифаларнинг ҳаётдаги натижаси аввало маҳалла кўчалари, йўлаклари, обод ҳудудлари ва аҳоли учун яратилаётган қулайликларда намоён бўлади. Арнасойдаги ишлар ҳам ана шу эзгу мақсаднинг бир бўлаги сифатида аҳоли турмушига яқинлиги билан аҳамиятли.
Туманда амалга оширилаётган ишларни ўрганиш жараёнида туман ҳокими Одил Мусанов қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг сифатига алоҳида эътибор қаратди. Объектларни белгиланган талаблар асосида барпо этиш, ҳар бир ишнинг пировард натижаси аҳоли манфаатига хизмат қилиши ва жараённи назоратда ушлаш юзасидан масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.
Зеро, ободликнинг қиймати унинг фақат кўркамлиги билангина эмас, одамларга яратган қулайлиги билан ҳам ўлчанади. Мустаҳкам йўлак, тартибли ҳудуд, пухта ташкил этилган инфратузилма — буларнинг барчаси маҳалладаги ҳаёт сифатига таъсир этувчи муҳим омиллардир.
Арнасойдаги бунёдкорлик ишларининг мазмуни ҳам шунда: маҳалла қиёфасини янгилаш орқали инсон учун янада қулай, хавфсиз ва муносиб ҳаёт муҳитини шакллантириш. Бу эса ислоҳотларнинг одамлар ҳаётидаги энг яқин ва кўринадиган натижасидир.
А. Қаюмов, Ж. Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари