Ўзгариб бораётган дунё бугунги газеталарда...
Бугунги газеталарни ўқиб, мамлакат, минтақа ва дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисалар билан танишасиз, дунё ўзгараётганини, қайноқ жараёнлар ичида яшаётганингизни ҳис этиб турасиз.
«Янги Ўзбекистон» газетасининг «Янгича ёндашувлар» рукнида берилган «Оролбўйи: экологик инқироз қандай бартараф этилади?» саҳифасида Инновацион ривожланиш вазири, академик Иброҳим Абдураҳмоновнинг минтақадаги экологик инқирозни бартараф этиш бўйича қарашлари, Орол денгизи ўрнида ҳосил бўлган кенгликларда амалга оширилаётган хайрли ишлар кўлами билан танишасиз.
"Гендер тенглик, экология, маҳалланинг «ўсиш нуқтаси», халқаро анжуман олдидан, инсон қадри ва Президент қарорлари – амалда" номли мақолаларда ислоҳотлар самараси, амалга оширилаётган инновацион ўзгаришлар, бугунги кун руҳи акс этган.
"Халқ сўзи" газетасининг бугунги сонида «Қорақалпоқнинг «ташриф қоғози» мақоласини мароқ билан ўқийсиз. «Депутатлар аҳоли мурожаатларига ечим тополдими?», «Муаммолар гирдобида қолган Термиз ҳайвонот боғи... Унинг тақдири масъулларни қизиқтирмайдими?» мақолалари орқали халқ билан мулоқот, аччиқ, аммо очиқ гаплардан воқиф бўласиз.
«Амалий ҳаракатлар режасининг ижроси қандай?», «Маҳалладаги ёшлар етакчиларининг асосий вазифалари нималардан иборат?» мақолалари ҳам диққат билан ўқилади.
«Самимий туйғулар куйчиси», «Кўклам ойим йўлга чиққан...», «Интернет асри болалари» саҳифалари ўлкамизга ташриф буюрган баҳор, жамият муаммосига айланаётган интернет ва ёшлар олами муаммоларига бағишланади.
“Ishonch” газетасида эътиборни тортадиган саҳифа – «1 март – Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллуд топган кун». Унда баҳорни, шеърият ва адабиёт, ҳаётни кўрасиз. Улкан қалбли шоира қалб садоларига гувоҳ бўласиз.
«Оролқум баҳори бошланмоқда» мақоласи ҳам назардан четда қолмайди. Оролқумда бошланган баҳор ҳар бир ўзбекистонликнинг қалбида бўй кўрсатаётгандек, Ўзбекистонда баҳор Орол бўйларидан бошланаётгандек таассурот қолдиради. «Жавобини кутаётган саволлар» саҳифасини кузатиб, муаммолар ечимини топсагина, одамларнинг кўнгли равшан тортишини кўнгилдан ўтказасиз. «Бахти кемтик фаришта», «Буюк қалб соҳибаси» саҳифаларида кўнгил кечинмалари, меҳр ва эҳтиромни кўрасиз.
«Инсон ва қонун»нинг бу галги сони ҳам ранг-баранг. «Бугун – баҳорнинг биринчи куни!» саҳифаси устоз Абдулла Ориповнинг машҳур «Баҳор шамоли» шеъри билан бошланади. «1 мартдан нималар ўзгаради?», «Ҳамёнидан айрилган ҳамкор», «Алимент миқдори қандай белгиланади?» каби мақолаларда сиз ва биз билишимиз ва эътибор қаратишимиз лозим бўлган жиҳатлар бор. «ИЧКАРИДА Ҳалима Худойбердиева бор...», «Куч ва адолат», “ Мирзо Улуғбек адолати» каби мақолаларда бугунги замон одами ички олами ва ўтмишдан келаётган сабоқлар садосини эшитасиз.
Бугунги газеталарни мутолаа қилинг.
А.Нарзуллоев, ЎзА