Ўзбошимчалик билан эгалланган ерлар қайтарилди
Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимлари томонидан ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллашни аниқлаш, ердан мақсадли фойдаланиш устидан давлат назоратини амалга ошириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Вилоятда ердан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш, айниқса, қишлоқ хўжалиги ерларидан оқилона ҳамда самарали фойдаланишни тарғиб этишга қаратилган кенг кўламли тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Шунга қарамасдан фуқаролар томонидан ердан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари кузатилмоқда.
– Жорий йилнинг ўтган даврида 745 та ҳолатда 128,9 гектар ер майдонлари жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллангани аниқланди, – дейди Кадастр агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Яшин Ҳабибов. – 457 та ҳолатда 8,37 гектар ер майдонига ноқонуний қурилиш ишлари олиб борилган. Аҳоли пункти ерларидан аниқланган жами 455 та қонун бузилиш ҳолатлари ўрганилганда 190 таси (59,78 гектар) 2022 йилда эгалланиб, қурилиш ишлари бажарганликлари ҳамда 289 таси (22,65 гектар) бир неча йиллардан буён эгалланиб, фуқаролардан келиб тушган мурожаат ва низолар мавжудлиги сабабли ваколат доирасида кўриб чиқилиб, судларга даъво киритиш учун ўрганилган ҳолатлардир.
Аниқланган қонун бузилишларнинг 159 та ҳолатда ўзбошимчалик билан эгалланган 83,6 гектар ер майдони дастлабки ҳолатига қайтарилди. Ўзбошимчалик билан эгалланган 29,59 гектар ер майдонидаги ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш бўйича судларга 458 та даъво аризалари киритилган. Шундан 189 та ҳолатда 10,51 гектар ер участкаларини қайтариш бўйича киритилган даъво аризалар судлар томонидан қаноатлантирилган.
Бундан ташқари, бошқарма тизимида фаолият юритаётган инспекторлар томонидан ўтган давр оралиғида ер ва кадастр соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун 2114 та ҳолатда фуқароларга нисбатан 6 миллиард 151 миллион сўм миқдорида маъмурий жарима қўлланган. Ўрганишлар шуни кўрсатадики, маъмурий жарималарнинг аксар қисми кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ўз вақтида мурожаат этмаслик ҳолати бўйича. Олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан фуқаролар томонидан ер тузиш лойиҳаларидан ўзбошимчалик билан четга чиқиш ва ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатлари учрамоқда.
Кадастр органлари томонидан профилактик тадбирлар ва аҳоли орасида тушунтириш ишлари доимий олиб борилади. Бухоро вилоятида ҳам ердан фойдаланиш бўйича ўрганишлар давом этмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА